Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти божхона бошқармасининг "Дўстлик" чегара божхона пости ходимлари йирик миқдордаги нақд хорижий валютани ноқонуний равишда олиб чиқишга бўлган уринишнинг олдини олишди.
Қўшни давлатга чиқиб кетаётган 51 ёшли фуқаро божхона назоратидан ўтиш вақтида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, у бошидаги дўпписининг ичига 35,6 минг долларни яшириб олиб чиқишга урингани фош бўлган. Йўловчи божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмаган ушбу нақд хорижий валюталар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда олиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси резидентлари мамлакатдан ташқарига 100 миллион сўмгача эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни божхона чекловларисиз олиб чиқишлари мумкин. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Илгарироқ Тошкент вилоятида "Яллама" чегара божхона пости ходимлари фуқаронинг ҳужжат ва буюмларини текшириш жараёнида қонунбузарликни аниқлаганди. Текширув чоғида фуқаронинг қўл сумкасидан чақалоқ таглиги ичига маҳкам ўралган ҳолда яширилган икки дона олтин қуйма топилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас