Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда Катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидаги ерни ҳамда таълим муассасаси майдонини ноқонуний сотмоқчи бўлган бир нечта мансабдор шахслар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Mаълум қилинишича, биринчи ҳолатда "Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси"нинг икки нафар масъул ходими ва бир нафар ишчиси ўзаро тил бириктириб, чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога Катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидаги 30 сотих ер майдонини ижарага расмийлаштириб бериш эвазига жами 40,5 минг доллар талаб қилган. Бошқарманинг 3-гидроучасткаси бошлиғи келишилган пулдан 20 минг долларини олаётганда ушланган.
Суриштирув давомида ушбу жиноятга бошқарманинг бўлим бошлиғи ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ҳам шеригидан 3 минг долларни қабул қилиб олаётган вақтида фош этилган. Шунингдек, ушбу ердан фойдаланиб келаётган идора ходими ҳам ерни бериш эвазига алоҳида 19 минг доллар талаб қилгани расмийлаштирилган.
Иккинчи ҳолат Олтинкўл туманида кузатилган бўлиб, унда маҳаллий таълим муассасаси директори хизмат мавқеидан фойдаланиб таъмагирлик қилган. Муассаса ҳудудидаги 1,1 гектар ер майдони хусусий автомактаб томонидан электрон аукцион орқали қонуний ютиб олинган бўлишига қарамай, директор давлат мактабитва хусусан мактаб ўртасидаги келишув шартномасини тасдиқлаб бериш эвазига 15 минг доллар сўраган. У сўралган пулдан 10 минг долларини аванс сифатида олаётган вақтида тезкор гуруҳ томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур иккала ҳолат юзасидан ҳам ваколатли идоралар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас