Загрузка
Загрузка
Аномал иссиқда аҳоли деярли бир сутка чироқсиз қолди. Масъуллар берган ваъдалар қаерда?
Ҳодисалар

Аномал иссиқда аҳоли деярли бир сутка чироқсиз қолди. Масъуллар берган ваъдалар қаерда?

22
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Тошкент шаҳрида ҳаво ҳарорати рекорд даражада кўтарилиб, 45-46 даражадан ошган аномал жазирама кунларда Учтепа ва Чилонзор туманлари аҳолиси 22 соат давомида электр энергиясисиз қолишга мажбур бўлди. Тармоқлардаги йирик авария оқибатида юзлаб кўп қаватли уйлар, жумладан Учтепанинг бир нечта мавзелари ва Чилонзорнинг аҳоли зич яшайдиган қисми деярли бир сутка давомида совутиш тизимларисиз, дим хонадонларда кун кечирди.

Жорий йилнинг 16 июль куни соат 14:50 да Чилонзор туманидаги "ПС–ГЭС-9" подстанциясидан чиқувчи юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида юз берган авария тизимнинг аномал иссиқлик юкламаларига бардош бера олмаганини яқинроқдан кўрсатди. Иссиқ ҳарорат 46 даражагача кўтарилган бир вақтда Учтепанинг 13-, 14-, 15-, 21- ва 22-мавзеларидаги 55 та кўп қаватли уй ҳамда Чилонзорнинг 6-, 7-, 8-мавзелари аҳолиси энг оғир синовга дуч келди. Одамлар нафақат кондиционер ва вентиляторларсиз, балки кўп қаватли уйларда сув насосларининг тўхтаб қолгани сабабли ичимлик сувисиз ҳам қолишган. Бундай ҳароратда ёш болалар, қариялар ва сурункали касаллиги бор беморларнинг аҳволи кескин оғирлашгани ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди.

Аҳолининг сўзларига кўра, авария юз берган дастлабки соатларда масъул идоралар ва колл-марказлардан аниқ маълумот олишнинг умуман имкони бўлмаган, бу эса одамлар орасида тушунмовчилик ва хавотирни янада оширган. "Тошкент шаҳар электр тармоқлари" компанияси махсус авария-тиклаш бригадалари томонидан олиб борилган таъмирлаш ишлари фақат эртаси куни, 17 июль соат 12:40 га келибгина якунланган ва тизим босқичма-босқич ишга туширилган. 

Масъуллар авария оқибатларини бартараф этиш ва хавфсизликни таъминлаш учун вақт талаб этилганини рўкач қилиб, истеъмолчилардан узр сўраган бўлса-да, аномал иссиқ шароитида шаҳар инфратузилмасининг бу қадар заифлиги ва узоқ вақт давомида тезкор ёрдам кўрсатилмагани аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарган.

Истеъмолчилар ҳар йили модернизация ва таъмирлаш ишлари ҳақидаги ҳисоботларни эшитишса-да, амалда энг керакли пайтда тизим панд бермоқда. Энергетика тизими бу каби аномал иссиқларга қачон ҳақиқатдан тайёр бўлиши ва аҳолининг кунлик азобларига қачон барҳам берилиши эса ҳануз очиқ савол бўлиб қолмоқда. 

Бундан олдин ер усти ҳалқа йўлининг "Турон" бекатида шифт конструкциясининг қулаши оқибатида икки йўловчининг жароҳатланиши пойтахт метрополитени хавфсизлиги борасидаги жиддий муаммоларни яна бир бор кун тартибига олиб чиққанди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...