Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси АNOR BANK компаниясига нисбатан "Реклама тўғрисида"ги қонун талабларини бузганлик учун молиявий жарима қўллади. Бунга Тошкент вилоятида яшовчи фуқаронинг банк томонидан Instagram ижтимоий тармоғида жойлаштирилган акция рекламаси юзасидан қилган мурожаати асос бўлган.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида банк рекламасида молиявий хизмат кўрсатишга оид шартноманинг муҳим шартлари яширилгани аниқланган. Хусусан, унда акциянинг амал қилиш шартлари, белгиланган лимит ҳамда ушбу лимитдан ошган ҳолатларда ундириладиган комиссия тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўмита Махсус комиссияси "Реклама тўғрисида"ги Қонуннинг 16, 21 ва 43-моддалари талаблари бузилиши аломатлари бўйича банкка нисбатан иш қўзғаган. Жарима қўллаш билан бирга, банк зиммасига қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма юклатилган.
Олдинроқ Марказий банк 16 та банкни, жумладан Uzum Bank ва Ипотека Банкни, шунингдек, иккита микромолия ташкилотини молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлиги учун жаримага тортганди.

Изоҳлар мавжуд емас