Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тадбиркор ва Anorbank таъсисчиси Қаҳрамонжон Олимов Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. Интерпол сайтида унга нисбатан "қизил билдиришнома" эълон қилинган. Бироқ уни қидирувга бериш сабаби ва унга қўйилган айбловлар ҳозирча очиқланмаган.
Интерпол маълумотларига кўра, Олимов 1977 йил 7 майда Андижон вилоятида туғилган. У ўзбек, рус ва инглиз тилларини билади.
"Қизил билдиришнома" халқаро ҳибсга олиш ордери ҳисобланмайди. У қидирувдаги шахснинг қаердалигини аниқлаш ва миллий қонунчиликка мувофиқ уни вақтинча ушлаб туриш бўйича сўров ҳисобланади.
Anorbank нима деди?
Anorbank Олимов билан боғлиқ вазият банк фаолияти, капитали, бошқаруви ёки операцияларига таъсир қилмаслигини маълум қилди. Банк одатдаги тартибда ишлаётгани ва мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажараётганини билдирди.
Марказий банк ҳам алоҳида акциядор билан боғлиқ ҳолат Anorbank банкининг жорий операцион фаолияти ва молиявий барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатмаслигини қайд этди.
Регулятор маълумотига кўра, 2026 йил 1 сентябрь ҳолатида Anorbank активлари 21,4 трилион сўм, мажбуриятлари эса 19,8 трилион сўмни ташкил қилган.
Олимовнинг банкдаги улуши қанча?
КТЙДР маълумотларига кўра, Қаҳрамонжон Олимов Anorbank кузатув кенгаши аъзоси бўлиб, банк акцияларининг 49,4 фоизига эгалик қилади. Яна 50 фоиз акция Нидерландияда рўйхатдан ўтган Bekamin B.V. компаниясига тегишли.
Олимов 2025 йил декабригача банкнинг 99,4 фоиз акциясига бевосита эгалик қилган. Кейинчалик акцияларнинг назорат пакетини Bekamin B.V. компаниясига ўтказган ва унинг банкдаги улуши 49,4 фоизгача камайган.
Ҳозирча Қаҳрамонжон Олимов нима сабабдан халқаро қидирувга берилгани расман очиқланмаган. Интерпол карточкасида ҳам бу ҳақда батафсил маълумот келтирилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас