Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Асакалик эркак шифокор ҳузурига бир нечта пичоқ ва шуруповёрт билан кириб борган. У ўғлининг ўлими учун қасос олмоқчи бўлган экан. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"20 июль куни соат 15.44 да Андижон шаҳридаги техника қўриқлаш марказига 2-сонли туғруқхонадаги "чақируқ тугмачаси" ишлаб кетгани ҳақида сигнал келиб тушди. Тезкор гуруҳ дарҳол воқеа жойига етиб борди”, - дея маълум қилмоқда Миллий гвардия матбуот-хизмати.
Асакалик 44 ёшли эркак шифокорнинг хизмати хонасига бориб, эшикни ичкаридан қулфлаб олган ва 2021 йилда чақалоқ боласи туғилганидан сўнг дарҳол вафот этгани учун уни ўлдириш билан қўрқитган. Ходимлар эркакни тинчлантиришга, шифокорни қўйиб юборишга, тиббиёт ходимларига қонун доирасида даъво қилишга чақиришсада, эркак бу таклифларни рад этган ва прокурорни талаб қилган.
Музокаралар олиб бориш учун воқеа жойига прокурор ва Андижон ИИО ФМБ бошлиғи етиб келиб, эркакни эшикни очишга кўндиришга муваффақ бўлишган. Қўриқлаш бўлими ходимлари унинг ёнидан бир нечта пичоқ ва шуруповёрт топишган. Воқеа натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган.
Ушбу ҳолат бўйича терговга текширув олиб борилмоқда, унинг натижаларига кўра фуқаронинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Изоҳлар мавжуд емас