Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятида бир неча киши ЙПХ ходимларига ҳужум қилиб, уларнинг камералари ва кийимдаги нишонларни узиб ташлашган. Бу ҳақда “Қашқадарё янгиликлари” Телеграм-каналига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Воқеа 26 апрель куни тахминан соат 17:30да Чироқчи туманида содир бўлган. Хизмат машинада бўлган икки нафар ЙПХ ходими бозор олдида тирбандликни олдини олиш учун тақиқланган жойларда тўхтаб турган машиналар ҳайдовчиларидан транспорт воситаларини бошқа жойга олиб қўйишни сўрашган.
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш чақириғига жавобан уч киши хизмат машинасининг ҳаракатига тўсқинлик қилиб, бошқа фуқароларни атрофига тўплашган ва ЙПХ ходимларининг расмий машинасини тўхтатишган.
Можаро пайтида фуқаролар инспекторларнинг кийимига илиб қўйилган камералар ва нишонларни узиб ташлашган.
Ушбу ҳолат бўйича прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2 қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажарадиган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Фаол қаршилик кўрсатган уч нафар фуқаро ҳибсга олинган. Жиноятнинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш бўйича тезкор ва тергов чоралари кўрилмоқда.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун судянинг ихтиёрига кўра қуйидаги жазо турларидан бири тайинланади:
-
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача жарима
-
уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари
-
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари
-
бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш
-
бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Изоҳлар мавжуд емас