Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Фарғона ободонлаштириш бошқармаси ит ушлаш хизматида ўта шавфқатсизлик билан ит ўлдирилган. Бир кун аввал зооҳимоячилар даволамоқчи бўлган бечора ҳайвон эртаси куни бўйни тешилган ҳолда ахлатхонадан топилган. Бу ҳақда ҳайвонларни ҳимоя қилувчи Mehr va Oqibat жамиятига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Жамият раҳбарияти номига “Зооҳимоячилар. Фарғона вилояти” ташаббус гуруҳидан ариза келиб тушган бўлиб, унда кўнгиллилар ўта шафқатсизлик билан итнинг ўлдирилишида айбланаётган Фарғона ободонлаштириш бошқармаси ушлаш хизмати ходимларини жавобгарлик тортиш сўралган.
“4 январь куни кўнгиллилар Бошқарманинг ит ушлаш хизматига 6та янги ушланган итлар олиб келинганлиги ва улардан бири ярадор эканлигини билиб қолишган. Хизмат ҳудудига кириб боришлари биланоқ, аёллар бўйни қаттиқ мато билан қисиб боғланган итни кўриб қолишган. Жонивор зўрға нафас олиб, тумшуғи шишиб кетган. Зооҳимоячилар ҳайвоннинг бўйнини кўздан кечиришганида, унинг бўйнини қаттиқ жароҳатлаган иккита ип борлигини кўришган”, - дея хабар бермоқда Mehr va Oqibat.
Аёллар итнинг бўйнига антисептик ишлов бериб, жароҳатланган қисмларига мазь суртишган. Шундан кейин кўнгиллилар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига мурожаат қилиб, 6та итни вақтинчалик сақлаш учун олиб кетишни сўрашган. Хусусан, ярадор итни зудлик билан ветеринар кўригига олиб бориш зарур бўлган.
Эртаси куни, тахминан 13.00да кўнгиллилар барча ҳужжатларни тайёрлаб, итларни олиб кетиш учун Бошқарма ҳудудига кириб боришган. Не кўз билан кўришсинки, бир кун олдин ярадор ит турган катак бўш ва қонга тўла бўлган.
Ит ушлаш хизмати ходимидан сўралганида, ит табиий равишда ўлганлиги ва кўмилганини айтган. Унинг гапларига шубҳа қилган зооҳимоячилар ит ушлаш хизмати ҳудудини айланиб кўришга қарор қилишган. Оқибатда ҳовлининг чекка бурчагида ит жасади топилган. Бўйни тешиб ўлдирилган ит қурилиш чиқиндилари устига ташланган.
“Зооҳимоячилар. Фарғона вилояти” номли ташаббус гуруҳи кўнгиллиларнинг айтишича, ўлимидан аввал ит қийноққа солинган.
“Зудлик билан 102 рақами орқали воқеа жойига чақирилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходими итнинг жасади ва қотиллик юз берган жойни кўздан кечирган. Фарғона ободонлаштириш бошқармаси ва Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти раҳбари номига кўнгиллилар томонидан шикоят аризаси ёзилган. Айни пайтда ИИВ ва Бош прокуратурага ҳам мурожаатлар йўлланиб, ўта шавқасизлик билан итни ўлдирганларни жавобгарликка тортиш сўралган”, - дея қайд этмоқда Mehr va Oqibat.
Агарда сиз ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга гувоҳ бўлиб қолсангиз, Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг +998-93 812-04-13 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас