Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ички ишлар вазирлиги ходимлари Бўстонлиқ туманидаги 9 гектар ер майдонида жойлашган нотурар объектнинг 4 гектарини турар жой қурилиши учун расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, тадбиркордан 840 минг доллар талаб қилган шахсни ушлади.
У талаб қилинган пулнинг 100 минг долларини олаётган вақтида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги ресторанлардан бирида қўлга олинган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 56 ёшли Хоразм вилоятида туғилган, қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи бир нечта корхона эгаси бўлган шахс тадбиркорга ёрдам беришни ваъда қилган.
У Давлат кадастр агентлигида ишловчи мансабдор танишлари орқали объектни тадбиркор номига ўтказиш ва ер майдонида келгусида турар жой бинолари қуришга рухсат олиб беришини айтган.
Гумонланувчи бу хизматлар эвазига аввал 100 минг доллар, кейинчалик яна 740 минг доллар талаб қилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми ҳамда 28-моддаси орқали 211-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Олдинроқ Тошкент вилояти Зангиота туманида 60 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция шартномасини олиб беришни ваъда қилиб, тадбиркордан фирибгарлик йўли билан пул олган уч нафар шахс қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас