Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, бир йил ўтмасдан Самарқанд вилоятидаги янги қурилган уйнинг қувурлари, деразаси ва насос қурилмаси носоз ҳолга келиб қолган, фасад қисми эса ўпирилган.
“2019 йилда Пастдарғом туманида фойдаланишга топширилган уйнинг сув насоси ишламай қолган, ташқи фасад қисми деворларидаги кафеллар ўз-ўзидан бирин-кетин кўчиб туша бошлаган. Ўрнатилган тарновлар биринчи қор-ёмғирнинг ўзидаёқ кўчиб тушган. Бу эса дераза ромларини носоз ҳолатга туширган. Биттагина подъезд кириш йўлакларидан бошланган бу ҳолат тез кунда бутун уй атрофини кафелга тўлдириб ташлаган. Бундан ташқари, юқори қаватдаги аҳоли ҳам томидан хонадонига сизиб тушаётган сувлардан ташвишга тушган”, - дея маълум қилмоқда агентлик.
Мурожаат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий тузилмасига келиб тушган. Натижада истеъмолчи томонидан билдирилган камчиликлар ҳақиқатан ҳам борлиги аниқланган. “Qishloq Qurilish Invest” МЧЖ-инжиниринг компанияси Самарқанд филиалининг ходимлари назорати остида пудратчи ташкилот “Бекмурод Барака Замини” ХК томонидан барча камчиликлар бартараф этилган.
“Биргина истеъмолчининг мурожаати сабабли бутун уйнинг муаммоси ҳал этилди” – дейилмоқда агентлик берган хабарда.
Изоҳлар мавжуд емас