Бирлашган Араб Амирликларида раввинни ўлдирган уч нафар ўзбекистонлик ўлим жазосига ҳукм қилинди
Ҳодисалар

Бирлашган Араб Амирликларида раввинни ўлдирган уч нафар ўзбекистонлик ўлим жазосига ҳукм қилинди

128

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бирлашган Араб Амирликлари суди раввин Цви Коганнинг  ўлими бўйича уч нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ўлим жазосини тайинлади. Қотилликни амалга оширишда ёрдам берган яна бир айбланувчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.

Исроил ва Молдова фуқароси бўлган раввин Цви Коган Абу-Дабидаги "Хабад" яҳудий ҳаракатининг вакили бўлган. У 2020 йилда Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатлар изга тушганидан кейин БААга кўчиб ўтган. Ўтган йилнинг 21 ноябридан бошлаб у алоқага чиқмай қўйган, 23 ноябрда эса ҳукумат уни қидирувга берган. Кейинроқ унинг жасади зўравонлик аломатлари билан топилган.

The Times of Israel маълумотларига кўра, Коганнинг автомобили Абу-Дабидан 150 километр узоқликда курашиш излари билан топилган. Ўшанда Исроил расмийлари қотиллик антисемит террор ҳаракати бўлганини, Исроил Бош вазири девони ва Ташқи ишлар вазирлиги эса жиноятга Ўзбекистон фуқаролари алоқадор бўлиши мумкинлигини айтганди.

Исроилнинг Ynet нашри гумонланувчилар Туркияга қочиб ўтган бўлиши мумкинлигини, Исроил ҳукумати эса айбдорларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солишга ваъда берганини ёзган.

Кунлар ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари уч нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берди. Тергов жараёнида айбланувчилар жабрланувчининг ҳаракатини кузатгани ва қотиллик содир этгани аниқланган. Ҳукм Абу-Даби федерал апелляция суди давлат хавфсизлиги палатасидаги йиғилишдан сўнг ўқиб эшиттирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўлим жазоси БААда жазонинг қонуний шакли ҳисобланади. Мамлакатнинг ислом шариати ва фуқаролик ҳуқуқи уйғунлигига асосланган ҳуқуқий тизими қотиллик, терроризм, давлатга хиёнат, жосуслик ва гиёҳванд моддалар савдоси каби жиноятлар учун олий жазо чорасини назарда тутади.

Суд ҳукми қайта кўриб чиқилиши ва ҳукм чиқарилган амирлик ҳукмдори томонидан тасдиқланиши лозим. Гарчи ўлим жазоси чиқарилса-да, амалда унинг ижроси камдан-кам ҳолларда амалга оширилади - кўпинча жазо умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Ҳукм ижро этилган тақдирда, одатда отиш қўлланилади.


Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...