Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқда обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида бегона қизга нисбатан асоссиз айбловлар билдирган ўзбекистонлик таниқли блогер Феруза Норматвага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У бошқа шахснинг суратини рухсатсиз саҳифасига жойлаштириб, уни ўз турмуш ўртоғи билан муносабатда бўлганликда айблаган.
Ҳолат юзасидан Миробод тумани ички ишлар органлари тергов бўлими Жиноят кодексининг 140-моддаси иккинчи қисми билан иш очган.
Терговга қадар текширув давомида саҳифа эгаси суратдаги қиз билан таниш эмаслигини тан олган. У бу ишни шунчаки PR қилиш ва обуначилар сонини ошириш мақсадида амалга оширганини билдирган.
Қиз эса тарқатилган видеони миллионлаб одам кўрганидан кейин уйига боришга қийналаётганини айтган. Унинг таъкидлашича, айбловда тилга олинган эркак билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, уни ҳатто танимаган.
Ички ишлар органлари вакиллари текширилмаган маълумотларни тарқатиш жамоатчилик орасида ваҳима келтириб чиқариши, бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкинлигини эслатган. Бундай ҳаракатлар қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Аввалроқ блогер Севара Усманова (инстаграммдаги тахаллуси sevars.life) Акмал Мирзо томонидан ўзига нисбатан таҳдидлар бўлганини маълум қилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўраганди. Унинг айтишича, Акмал Мирзо ундан омма олдида кечирим сўрашни талаб қилган ва акс ҳолда унинг ҳамда бошқа блогерларнинг обрўсига путур етказиш билан таҳдид қилган. Блогер ушбу ҳолат бўйича далиллар судга тақдим этилганини билдирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас