Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда яйловлардан фойдаланишнинг янги тартиби жорий этилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари "Яйловлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра, аҳоли ва тадбиркорлар яйловлардан ижара шартномаси ёки чипта асосида фойдаланиши таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида яйловларни иқтисодий активга айлантириш, улардан фойдаланиш йўналишларини кенгайтириш ва ҳозиргача ишлатилмаётган майдонларни иқтисодий айланмага киритиш назарда тутилган. Бунинг учун электрон аукцион, инвестиция шартномалари ва давлат-хусусий шериклик механизмлари таклиф қилинмоқда.
Бироқ ҳужжатдаги энг кўп савол туғдирадиган жиҳат — чипта механизми. Қишлоқ аҳолиси асрлар давомида чорвасини боқиб келган яйловлардан фойдаланиш учун энди пул тўлаши керак бўладими? Агар шундай бўлса, оддий чорвадорнинг имконияти ва манфаати қандай ҳимоя қилинади? Чипта нархи ким томонидан белгиланади ва аҳолининг тўлов қобилияти ҳисобга олинадими? Қонун лойиҳаси ҳақидаги тақдим этилган маълумотларда бу саволларга аниқ жавоб йўқ.
Ҳужжатда аҳолининг чорвасини боқиши учун жамоат яйловларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, яйловлардан чорвачиликдан ташқари асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш ва экотуризм мақсадларида фойдаланишга рухсат бериш таклиф этилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 21,2 миллион гектар яйлов мавжуд. Шундан 16,3 миллион гектари Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳудудий яйлов хўжаликлари тасарруфида, 3 миллион гектари ўрмон фондига тегишли. Бир миллион гектардан ортиқ майдон табиатни муҳофаза қилиш ва рекреация мақсадларига ажратилган. Яна 890 минг гектар ер фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотларга тўғри келади.
Яйловларнинг деградацияга учраши, ўсимлик қопламининг йўқолиши ва ерлардан самарасиз фойдаланиш жиддий муаммо. Уларни муҳофаза қилиш учун янги механизмлар кераклиги шубҳасиз. Аммо яйловларни асраш баҳонасида маҳаллий аҳоли учун қўшимча молиявий тўсиқлар пайдо бўлмаслиги ҳам муҳим. Акс ҳолда, иқтисодий активга айлантириш режаси оддий чорвадорнинг ўз чорвасини боқишини қийинлаштириб қўйиши мумкин.
Қонун лойиҳаси ҳозирча биринчи ўқишдан ўтди.

Изоҳлар мавжуд емас