Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонлик тўрт нафар стартап асосчиси Y Combinator дастурига қабул қилинди
Жамият

Ўзбекистонлик тўрт нафар стартап асосчиси Y Combinator дастурига қабул қилинди

25
Загрузка
Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонлик тадбиркор Рашод Абдурасуловнинг Peripheral Zero стартапи ҳам дунёнинг энг нуфузли стартап акселераторларидан бири — Y Combinator'нинг Winter 2027 дастурига қабул қилинди. Шу тариқа, ушбу халқаро дастурда иштирок этаётган ўзбекистонлик стартап асосчилари сони тўрт нафарга етди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев маълум қилишича, Рашод Абдурасуловдан аввал яна уч нафар ўзбекистонлик тадбиркор Y Combinator дастурига қабул қилинган.

Улар орасида биринчи бўлиб 2026 йилги қишки дастурга қабул қилинган Сардор Раҳматуллоев бор. Унинг TwoLabs стартапи қишлоқ хўжалиги робототехникаси учун маълумотлар тўпламини яратиш ва сунъий интеллект асосидаги ечимларни ривожлантириш билан шуғулланади.

Кейинчалик Бекназар Абдиқалмолов асос солган Speko стартапи 2026 йилги ёзги дастурга қабул қилинди. Лойиҳа овозли сунъий интеллект агентлари билан ишлаш учун ягона API инфратузилмасини яратишга қаратилган.

Учинчи бўлиб, 20 ёшли Ҳусан Мавлонов асос солган Defex Robotics стартапи Y Combinator дастурига қабул қилинган. Компания ишлаб чиқариш корхоналари учун мустақил ўрганиш қобилиятига эга роботларни яратади. Улар саноат жараёнларини автоматлаштириш ва корхоналардаги иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тўртинчи иштирокчи Рашод Абдурасулов эса Peripheral Zero стартапига асос солган. Ушбу лойиҳа ҳақида ҳозирча очиқ манбаларда батафсил техник маълумотлар кам.

Маълумот учун, Y Combinator 2005 йилда АҚШда ташкил этилган стартап акселераторидир. Унинг асосий вазифаси янги бизнес ғояларини ривожлантириш, стартапларга дастлабки сармоя киритиш ва уларнинг халқаро бозорга чиқишига ёрдам беришдан иборат. Акселераторга қабул қилинган компаниялар уч ой давомида тажрибали тадбиркорлар ва мутахассислардан маслаҳат олади, маҳсулотини такомиллаштиради, мижозлар базасини кенгайтиради ҳамда йирик инвесторлар билан алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлади.

Y Combinator стандарт шартлар асосида ҳар бир стартапга 500 минг доллар инвестиция таклиф қилади. Бу маблағнинг 125 минг доллари компаниянинг 7 фоиз улуши эвазига, қолган 375 минг доллари эса кейинги инвестиция шартларига боғлиқ келишув асосида берилади. Демак, бу грант эмас, балки стартапнинг ривожланиши учун киритиладиган инвестициядир.

Акселератор орқали Airbnb, Stripe, Dropbox ва Reddit каби бугунги кунда дунёга машҳур компаниялар ҳам ривожланишнинг дастлабки босқичларида қўллаб-қувватланган. Шу сабабли Y Combinator дастурига қабул қилиниш стартаплар учун нафақат молиявий имконият, балки халқаро технологик бозорга чиқишда муҳим босқич ҳисобланади.

Олдинроқ Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бугунги кунга қадар халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган 74 минг 102 нафар ёшга 151 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилганди. 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...