Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси 6 ноябрь куни актриса Нилуфар Ҳамидовага нисбатан тайинланган 7 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди. Шу тариқа, Юнусобод туман судининг 5 ноябрда чиқарган қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати маълум қилишича, апелляция шикояти кўриб чиқилганидан сўнг биринчи инстанция қарорига ўзгартириш киритиш учун асос топилмаган.
Эслатиб ўтамиз, воқеа Нилуфар Ҳамидованинг Тошкент кўчалари ва автобус бекати атрофида тасвирга олган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин бошланган. Роликдаги хатти-ҳаракатлар ва ишлатилган иборалар фойдаланувчиларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари суриштирув ўтказиб, тўпланган материалларни судга юборган.
5 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Ҳамидовани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган майда безориликни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Судда актриса қилмишидан афсусда эканини билдирган ва бундан кейин бундай мазмундаги видеоларни тайёрламасликка ваъда берган.
Ҳолатдан кейин Batafsil.uz Маданият вазирлигидан ҳам изоҳ сўраган эди. Вазирлик актрисанинг жамоат жойидаги хатти-ҳаракатлари ўз ваколатига кирмаслигини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли чоралар кўрилганини билдирган. Аммо бу жавоб санъаткорларнинг жамоатчилик олдидаги масъулияти ва Маданият вазирлигининг соҳадаги маънавий муҳитни шакллантиришдаги роли ҳақида саволларни келтириб чиқарган эди.
Апелляция инстанциясининг қарори билан эса Нилуфар Ҳамидовага нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолди.

Изоҳлар мавжуд емас