Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани суди таниқли блогер Сирожиддин Одиловга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини белгилади. Мазкур қарор Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида қабул қилинган.
Вилоят Ички ишлар бошқармасининг расмий маълумотига кўра, 1980 йилда туғилган Сирожиддин Одиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов маълумотларига кўра, 65 ёшли фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган. Унинг таъкидлашича, 2024 йилнинг август ойида блогер бошқа бир шахс билан ўртадаги молиявий низони ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган. Одилов ўзида бундай ваколат бўлмаса-да, хизмати эвазига маълум миқдорда пул олган ва шу кунгача ваъдасини бажармасдан, фуқарони алдаб келган.
Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
"Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг сўзларига кўра, мазкур ишда жиддий процессуал камчиликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Хусусан, эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича ўтказилган суд мажлисига Тошкентдан борган икки нафар адвокат киритилмаган. Уларнинг ўрнига маҳкамада давлат томонидан тайинланган адвокат иштирок этган.
Ташанов блогернинг ҳимояланиш ҳуқуқи бузилганини таъкидлаб, жараённинг холислигига шубҳа билдирмоқда. Шунингдек, у ижтимоий тармоқларда айбсизлик презумпциясига зид равишда Одиловга нисбатан уюштирилган салбий кампания ("троллинг") бошланиши мумкинлигидан хавотирда.
Маълумот учун, Сирожиддин Одилов ижтимоий тармоқларда, хусусан YouTube платформасида бир миллионга яқин обуначига эга бўлиб, ўз чиқишларида фуқароларнинг муаммоларини кўтариб чиқиши билан танилган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сергели туманидаги автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериаллар тарқатиш ва келгусида шу каби роликларни чиқармаслик эвазига катта миқдорда пул талаб қилган шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилганди. Унда ҳам блогер Ғоипназаров 2025 йил 15 декабрь куни тадбиркорлик субъектига оид салбий видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган, шундан сўнг Demokrat.uz нашри раҳбари Меҳмонов ушбу материални ўчириш ва янгиларини эълон қилмаслик эвазига жабрланувчидан жами 50 000 доллар талаб қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас