Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бухорода таниқли тадбиркордан 70 минг доллар талаб қилган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Бу пул эвазига гуруҳ аъзолари тадбиркорни ўлдирмасликка ваъда қилишган. Бу ҳақда ИИВга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Жиной гуруҳ аъзолари ҳисобланган икки нафар ака-ука ҳамда икки нафар ёш спортчилар тадбиркорни қўрқитиш учун “ақлли” режа ишлаб чиқишган. Улар тадбиркор офиси ёнида жойлашган бошқа бир офис қоровулини ўзларига хабарчи қилиб олишган. У “ўлжа”нинг ҳаракатланишини кузатиб бориб, жиноятчиларга маълумот бериб турган.
Жабрланувчини қўрқитиш мақсадида ТОЗ русумли қирқма ўқ отар қурол ҳам тайёрлаб қўйилган.
“4 март куни соат 17:10 ларда 3 нафар эркак жабрланувчининг бошқарувида бўлган “Каптива” русумли автомашинани тўхтатиб, уни ўлдириш учун буюртма тушганлигини, буюртмани бажарса 50.000 АҚШ доллар миқдорида хизмат ҳақи олишини, агарда буюртмачи томонидан бериладиган суммадан ортиқроқ пул берса, уни ўлдирмасдан, буюртма берган шахслар тўғрисида маълумот беришини, бунинг эвазига 70.000 АҚШ доллар пул талаб қилишган”, - дея хабар бермоқда ИИВ.
Тадбиркор талабга рози бўлиб, пул тўплаш учун икки кун муҳлат сўраган. Бироқ, жиноятчиларнинг қўлидан қутулиб, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ аъзолари 50.000 АҚШ доллар пулларни жабрланувчидан олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, улардан 1 дона "ТОЗ" русумли қирқма ўқ отар қурол, 6 дона жанговар патронлар, ва пичоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Эркакалар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас