Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилоятида 17 ёшли ўсмирни ўз эркига қарши равишда олиб кетиб, унга тан жароҳатлари етказган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳолат Болалар омбудсмани назоратига олинган. Суд-тиббий экспертизаси натижасида жабрланувчининг танасида турли даражадаги жароҳатлар борлиги тасдиқланган.
Суриштирув маълумотларига кўра, 28 август куни фуқаро қизи билан кўришиш учун келган ўсмирни автомобилда қариндошининг хонадонига мажбуран олиб борган. У ерда бошқа шахслар билан биргаликда ўсмирга жисмоний тазйиқ ўтказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми "а, в" бандлари (одам ўғирлаш) ҳамда 105-моддаси 2-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани боланинг процессуал ҳуқуқлари таъминланишини назорат қилиб бормоқда. Идора жамоатчиликни ҳодиса бўйича тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмасликка чақирди.
Аввалроқ Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида олти ёшли қизчанинг номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ҳодиса жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас