Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Тошкентнинг Чилонзор туманида икки нафар наркофуруш ҳибсга олинган. Уйда улар ноқонуний равишда 7600 флакон “Тропикамид” дори препаратини халта ва қутиларда сақлаб келишган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Кучли гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича тезкор тадбир Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши курашиш Бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан биргаликда олиб борилган.
“Тропикамид” тегишли бўлган нафақат фуқаролар Т.И ва А.Б., балки иккита курьер ҳам қўлга олинган. Улар дори воситаларини хуфёна сотиш учун дорихоналарга етказиб беришган.
Давлат божхона қўмитаси маълум қилишича, олиб қўйилган гиёҳванд моддаларнинг нархи 1 миллиард 216 миллион 160 минг сўмга баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, шу кунларда пойтахтнинг Юнусобод туманида Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши курашиш Бошқармаси ходимлари томонидан ДХХ вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида “Тропикамид”нинг яна иккита йирик партияси топилган.
Фуқаро Л.З. бошқарувидаги "Кобальт" ва фуқаро Л.Б. бошқарувидаги "Спарк" русумли автомобиллари тўхтатилиб, гувоҳлар иштирокида кўздан кечирилган. Салонда ва юкхонада тегишли ҳужжатларсиз 4217та пакетдаги 600 флакон “Тропикамид” ва ўн турдаги бошқа дорилар топилган. Дори воситалари нархи 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этади.
Шу куннинг ўзида 525 флакон “Тропикамид”ни 52 миллион 500 минг сўмга сотмоқчи бўлган фуқаро И.О. қўлга олинган.
Барча ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича божхона текширувлари ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас