Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзгидромет маълумотларига кўра, жорий дам олиш кунларида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаво ҳарорати бир оз пасайиб, қуруқ ва очиқ ҳаво райи ҳукм суради. Мамлакатнинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати 25–30 даража иссиқ атрофида бўлиши кутилмоқда, фақат жанубий ҳудудларда ҳарорат 35 даражагача сақланиб қолади.
Жума куни республиканинг асосий ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Оролбўйи ва Тошкент вилоятининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 32–35 даража, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса 23–28 даража иссиқ бўлади. 11–12 сентябрь кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги сониясига 13–18 метргача кучайиб, айрим ҳудудларда чанг-тўзон кузатилиши, тоғли ҳудудларда эса қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Шанба ва якшанба кунлари кам булутли ва ёғингарчиликсиз ҳаво бўлиши кутилмоқда. Тоғли ҳудудларда ҳам якшанба куни ёғингарчилик бўлмайди.
Пойтахт Тошкент шаҳрида бугун куннинг биринчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, ҳаво ҳарорати 33–35 даражагача кўтарилади. Дам олиш кунлари эса пойтахтда қуруқ ва очиқ ҳаво сақланиб қолади: кечаси 16–18 даража, кундузи шанба куни 28–30 даража, якшанба куни эса 30–32 даража иссиқ бўлади. Шарқий йўналишдаги шамол сониясига 5–10 метр тезликда эсади.

Изоҳлар мавжуд емас