Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁ тизимида хатоликларни топган ўзбекистонликларнинг ҳақли эътирозлари бўйича тушунтириш берган. Масалан, эркак жинсига мансуб фойдаланувчилардан бири эри ва иккита қизи борлигини аниқлаган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Мазкур барча муаммолар “Истеъмолчи.уз” ҳамжамиятида санаб ўтилган. Улар орасида қуйидагилар мавжуд:
-
қўшимча болалар пайдо бўлган
-
ўз фарзандлари ғойиб бўлган
-
аллақачон оламдан ўтган эр-хотин ва ота-оналар тирик бўлиб чиққан
-
оила аъзоларининг бошқа фамилиялари кўрсатилган
-
турмуш қурганлар бирдан уйланмаган ёки турмушга чиқмаган бўлган
-
болаларнинг номаълум ота-оналари пайдо бўлиб, ўз ота-оналари ғойиб бўлган
-
аёлларнинг иккитадан эри пайдо бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича Давлат хизматлари агентлиги қуйидагиларни маълум қилган:
“Ҳозирда мутахассислар томонидан ушбу тизим такомиллаштирилиб, ЖШШИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) мавжуд маълумотларга бириктириш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу жараён ҳали тўлиқ якунига етказилмаганлиги ҳамда синов жараёнида эканлиги сабабли, тизимда ноаниқликлар учрамоқда. Мутахассислар эса, ўз навбатида уларни бартараф этиш учун тинимсиз ҳаракатда”, -дея маълум қилмоқда агентлик.
Шунингдек, агентликнинг қўшимча қилишича, ФҲДЁ маълумотларингиз билан боғлиқ ноаниқ маълумотлар кўрсатилиши ҳолатига дуч келинса, Давлат хизматлари агентлигига 71-207-00-66 телефони орқали мутахассисларнинг 1027, 1028, 1056 ички рақамларини терган ҳолда хабар бериш мумкин.
Шунингдек, аниқланган хатоликлар юзасидан ДХА ҳудудий бошқармалари масъулларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти яратилган.
“Тез кунларда шахсий кабинетда "маълумотлар тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш ва/ёки тақдим этилган маълумотларни тўғрилаш(маълумотлар мос келмаган тақдирда) мақсадида мурожаат қилиш" тугмаси ҳам яратилади”, -дея хабар қилди агентлик.
Изоҳлар мавжуд емас