Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ер сотиш билан шуғулланган шахсни қўлга олган. Мухбиримиз хабар беришича, у “Тузель” массивидаги 2 гектар ерни бир миллион долларга пулламоқчи бўлган.
"Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Қибрай туманининг “Тузель” массивидаги 2 гектар ерни 1 миллион долларга сотишга келишган хусусий тадбиркор 10 минг долларни аванс сифатида олаётганида ушланди. Терговолди текширув чоғида маълум бўлишича, бу шахс мунтазам равишда ерларни ноқонуний сотиш билан шуғулланган бўлиб, натижада кўплаб фуқаролар ундан жабр кўрган", - дейилмоқда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати берган хабарда.
Бундан ташқари, тезкор ходимлар ер участкаларини ноқонуний сотишга уринган бир неча давлат идоралари ходимларини ҳам қўлга олишган.
Масалан, Андижон вилояти туманларидан бирининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва аҳоли саломатлиги хизмати раҳбари ижара шартномаси асосида фермер хўжалигига тегишли 1 гектар боғдан фойдаланиб келган. Белгиланган ер участкасини тасарруф этиш ва учинчи шахсларга ўтказиш ҳуқуқига эа бўлмаган ҳолда уни ноқонуний равишда 45 минг долларга сотмоқчи бўлган.
Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мансабдор шахс харидордан талаб қилинган суммани қабул қилиб олаётганда қўлга олинган.
Шу билан бирга, Ер тузиш Давлат илмий-лойиҳа институти Андижон вилоят филиали ходими ўзининг юқори мартабали танишлари орқали Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги заҳирасидан гуруч етиштириш учун 8 гектар ер ажратиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқародан 10 минг 400 доллар талаб қилган. У талаб қилинган суммадан 1000 доллар олаётганида Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ходимлари томонидан ушланган.
Яна бир ҳолат - Навоийда жойлашган "Навоий Савдо" корхонаси раҳбари акциядорларга билдирмасдан ушбу компанияга тегишли бўлган 1 гектар ерни ноқонуний равишда 29,700 долларга сотишга ҳаракат қилган. У 50 милион сўм ва 1.500 долларни аванс сифатида олаётган пайтида қўлга олинган.
Ҳозирги кунда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ҳаракатларга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас