Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида тадбиркорлик субъектларига 2023–2024 йилларда ажратилган 9,3 миллиард сўмлик субсидиядан 1,4 миллиард сўмлик қисми мақсадсиз сарфлангани аниқланган. Бу ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилган.
Ўчкўприк, Риштон, Боғдод, Бешариқ, Қўқон, Фарғона ва Данғара туманлари ҳамда Фарғона шаҳрида бир нечта юридик шахслар томонидан касаначиларга ажратилган асбоб-ускуналар ёки маблағлар етказиб берилмаган. Жами 335 миллион сўмлик субсидия эса асоссиз тарзда тақсимлангани маълум бўлган.
Шунингдек, 6 нафар фуқаро номига икки маротаба, жами 34,9 миллион сўмлик маблағлар қонун талабларига зид равишда ажратилган. "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турган 47 нафар фуқарога ҳам аввал олган субсидиясига қарамасдан, 300,1 миллион сўм такрорий субсидия ажратилган.
Субсидияларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилишда Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан масъулиятсизлик ва қўпол хатоларга йўл қўйилгани қайд этилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Жиноят кодексига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қарийб 264 миллиард сўмлик ноқонуний давлат харидларини бекор қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас