Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Учкўприк туманида 14 ёшли вояга етмаган қизга нисбатан гуруҳ бўлиб жинсий зўравонлик содир этилгани ва ушбу ҳолатда гумонланаётган тўрт нафар шахс қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълумотларга кўра, жиноят жорий йилнинг 9 январь куни туман ҳудудида жойлашган қишлоқлардан бирида содир этилган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот котиби Дилфуза Рузметова ушбу ҳолатни тасдиқлаб, вазият тегишли идоралар томонидан назоратга олинганини Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, 2002 йилда туғилган тўрт нафар йигит (уч нафари маҳаллий, бир нафари қўшни Боғдод туманидан) қизни олдиндан ижарага олинган бильярдхонага Lacetti автомашинасида олиб келишган. Таъкидланишича, воқеа содир бўлган жой маҳалла фуқаролар йиғини биносидан атиги 200 метр узоқликда жойлашган. Қизнинг яқинлари ва гувоҳлар жабрланувчининг руҳий соғлигида муаммолар борлигини билдиришган, бу эса жиноятнинг оғирлаштирувчи ҳолати ҳисобланади.
Қизнинг онаси Ички ишлар бўлимига мурожаат қилганидан сўнг, тезкор ҳаракатлар натижасида жами етти нафар шахс ушланган.
Ҳозирда 4 нафар асосий гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Қолган 3 нафар шахс тергов ҳаракатларидан сўнг қўйиб юборилган.
Гумонланувчилардан бири оилали ва икки нафар фарзанднинг отаси экани аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг янгиланган моддаларига биноан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга жазо чоралари кескинлаштирилган. Бундай жиноятлар учун муддатидан олдин шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш чоралари қўлланилмайди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси ва ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Бундан олдин Сурхондарё вилояти Денов туманида мактаб ўқувчилари иштирокида юз берган мудҳиш ҳолат ҳам жамоатчиликни ларзага солганди. Тумандаги 64-мактабнинг юқори синф ўқувчиси 9-синфда ўқийдиган қизни зўрлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас