Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилояти божхоначилари Хитойдан келтирилган йирик ҳажмдаги юк партиясини кўздан кечириш давомида декларацияда кўрсатилмаган ёки бошқа номлар остинда яширилган қарийб 16 тонна товарларни аниқладилар.
Божхона бошқармасининг "Қўқон" пости ходимлари Контрабандага қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда Хитойдан маҳаллий корхоналардан бирининг манзилига етиб келган юкни текширувдан ўтказишди.
Идора маълумотларига кўра, ҳужжатларга асосан умумий вазни 25 тонна бўлган 14 турдаги товар олиб келинган. Юк аввалроқ эркин муомалага чиқариш божхона режимига расмийлаштириш учун тақдим этилган эди.
Корхона вакили иштирокида ўтказилган божхона кўриги давомида маҳсулотларнинг бир қисми декларацияда умуман йўқлиги, яна бир қисми эса бошқа номлар билан ёзиб қўйилгани маълум бўлди.
Текширув натижасида қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган, 7 хил турдаги қарийб 16 тонна товарлар борлиги аниқланди.
Ҳозирда барча маҳсулотлар вақтинчалик сақловга олинган бўлиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас