Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида тунги хизматни олиб бораётган Йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходими маст ҳайдовчи бошқарувидаги Spark автомашинаси уриб кетиши оқибатида вафот этди. Фожиа 31 июль куни соат тахминан 23:30 да “Ўқчи” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 40V064 автомобиль йўлининг 20-километрида содир бўлган.
Фарғона вилояти ИИБ маълумотига кўра, 32 ёшли ҳайдовчи маст ҳолда ҳаракатланиб келаётиб, Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди 3-сафарбар гуруҳи катта инспектори, сержант Хайитбек Каримжоновнинг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган ва уни уриб юборган.
Оғир тан жароҳатлари олган сержант Хайитбек Каримжонов шифохонага етказилган. Бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, у жонлантириш бўлимида вафот этган.
Маълум қилинишича, Хайитбек Каримжонов 2022 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилган. Ундан онаси, турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди қолган.
Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳумнинг оиласи ҳамда яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Бундан олдин BMW автомашинаси томонидан уриб кетилган, асли қашқадарёлик кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров ҳам сўнгги манзилга кузатилганди.

Изоҳлар мавжуд емас