Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилояти божхона бошқармаси "Равот" чегара постида қўшни давлатдан кириб келган автомашинани кўздан кечириш давомида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилди. Ҳайдовчи ушбу хавфли юкни божхонадан ўтказиш эвазига 2 минг доллар олиши керак бўлган.
Чегара божхона пости ходимлари ДХХ Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда "Lacetti" автомашинасини божхона назоратининг техник воситалари ёрдамида текширувдан ўтказишган. Натижада, автомобилнинг ёқилғи баки ичига яширинча жойланган 10 кг 739 гр гашиш, 412 гр марихуана, 35 гр опий, 6945 дона "Рояль" номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланган. Жами 11 кг 186 грамм гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.


Суриштирув давомида маълум бўлишича, ҳайдовчи тожикистонлик наркосавдогарнинг топшириғини бажарган. Режага кўра, у юкларни ўз уйидаги боғига кўмиб қўйиши, кейинчалик буюртмачи келиб уларни олиб кетиши керак эди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон божхоначилари гиёҳвандликка қарши курашни кескин кучайтирган. 2025 йил давомида 1,8 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,8 бараварга кўпдир.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида Фарғона ва Андижон вилоятлари бўйлаб ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбир натижасида гиёҳвандлик воситаларини трансчегаравий усулларда ўтказиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас