Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва унинг жиноий шерикларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақида Олий суд берган маълумотларга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Г. Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Олий суднинг матбуот-хизмати маълум қилишича: “Жиноят қонунчилиги меъёрларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди”.
Шунингдек, Гулноранинг жиноий шерикларига нисбатан ҳам ҳуқм ўқилди. Хусусан суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаевлар жиноят учун жавобгарликдан озод қилинганлар.
Изоҳлар мавжуд емас