Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбир давомида қидирувда бўлган шахс қўлга олинди.
Маълум қилинишича, 1992 йилда туғилган мазкур шахс Жиноят кодексининг контрабанда ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ моддалари бўйича гумон қилиниб, 2025 йилдан буён қидирувда бўлган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда унинг ижарада яшаб келган хонадони кўздан кечирилди. Текширув давомида ошхонадаги музлатгич ичида 151 грамм опий, ҳожатхона шахтасида эса 4 килограмм 971 грамм гашиш сақланаётгани аниқланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу гиёҳвандлик воситалари қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда 2003 йилда туғилган икки нафар фуқаро шартли харидорга 932 грамм гашиш ва 2,5 грамм опийни 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас