ИИББ Тошкентдаги ЛГБТга қарши намойиш бўйича, шунингдек блогер  Миразиз Бозоровнинг  калтакланишига оид  тергов тафсилотларини  ошкор қилди. Ҳужум қилган  шахснинг  фотороботи ҳам мавжуд
Ҳодисалар

ИИББ Тошкентдаги ЛГБТга қарши намойиш бўйича, шунингдек блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланишига оид тергов тафсилотларини ошкор қилди. Ҳужум қилган шахснинг фотороботи ҳам мавжуд

845

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ИИББ Тошкентдаги ЛГБТга қарши намойиш бўйича, шунингдек блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланишига оид тергов тафсилотларини ошкор қилди. Ҳужум қилган шахснинг фотороботи ҳам мавжуд. Бу ҳақида Batafsil.uz.  мухбири хабар бермоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни тахминан соат 15.00да Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбонида уч-тўрт нафар фуқаро бир йигит ва қизни ЛГБТ фаолларига тегишликда гумон қилиб, уларга ҳужум қилган. Бу шахсларга яна 20-25 киши қўшилиб, безорилик ҳам қилган. Дастлаб жанжални бошлаган 12 нафар фуқаро қўлга олинган.

Ҳужум қилганларга жазо

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида ҳодисада бевосита иштирок этган шахслар аниқланиб (31 нафар), уларнинг ҳар бирининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди. Улардан тўрт нафари жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Булар: 1989 йилда Тошкент вилоятида туғилган Қурбонов Фарходжон, 1991 йилда туғилган Йўлдошев Музаффар, шунингдек пойтахтда истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган Фазлитдинов Боходир ҳамда 2002 йилда туғилган Анваров Рихситилла. Терговда аниқланишича, улар Саидбек Тошбагамбетов (2004-йилда туғилган) ва Рухшона Бухарбаевага (2005-йилда туғилган) енгил тан жароҳатлари етказган. Айбланувчиларга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Дастлабки тергов тугагандан сўнг, жиноят иши қонуний қарор қабул қилиниши учун судга тақдим этилади.

Можарода иштирок этган қолган 27 нафар шахсларнинг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”), 195-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш”) ва 201-моддасида (“Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш”) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд.

Блогер Миразиз Бозоров билан боғлиқ вазият

1991 йилда туғилган Бозоров Миразизга тан жароҳати етказилганлиги ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Тергов томонидан суд-тиббий экспертиза хулосаси олингач, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “к” бандига (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) қайта малакаланган. Жиноят иши доирасида тузилган тергов-тезкор гуруҳ томонидан 100дан ортиқ фуқаролар сўроқ қилинган, жиноятчилар ҳаракатланган бўлиши мумкин деб гумонланган 41 172та автотранспорт воситалари ўрганилмоқда. Мазкур жиноятга алоқадор фуқароларнинг шахслари аниқланмоқда. 

Шу билан бирга, 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Тошкент шаҳар ИИББга фуқаролардан 28 та ариза ва Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушган бўлиб, унда Бозоров Миразиз интернетда жойлаган видеоларида ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилишган. 

Жамоавий аризада мактаб щыитиувчилари келиб Интернет тармоғидаги медиамаконларда мазкур мактаб ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатганлиги ва шу билан уларнинг обрўсини топтаганлиги учун Бозоров Миразизга нисбатан қонуний чора кўришни сўрашган. Мазкур аризалар бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, тегишли комплексли экспертиза тайинланган.

Терговга қадар текширув натижаларига кўра, Бозоров Миразизнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” бандида (“Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш”) назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

ИИББ жабрланувчининг сўзидан тузилган фоторобот асосида Бозоров Миразизга тан жароҳати етказишга алоқадор бўлган гумон қилинувчининг шахсини аниқлашда фуқаролардан кўмак сўраган.

Агар сиз мазкур шахс ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, +998712819075 ва +998712334946 рақамлари орқали ёки 102 рақамига хабар беришингизни сўраймиз. Махфийлик кафолатланади.


Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...