Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентлик фуқаро Телеграмда эълонлар жойлаштириб, танишлари ёрдамида пойтахтнинг исталган шифохонасида даволаниш учун имтиёзли ордерлар тайёрлаб беришни ваъда қилган. У ўзининг "ёрдами" учун 1,5 млн сўмдан 2 млн сўмгача пул сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда назорат рейд тадбирлари ўтказилди. Фуқаро, унинг шериклари, хусусан, бир нечта тиббиёт ходимлари қўлга олинган.
Улардан бирида Ибн Сино номидаги 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига даволаниш учун йўлланма борлиги аниқланган. Ҳужжатлар барча қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилди: шифокорларнинг имзолари ва тиббиёт муассасаларининг муҳрлари билан, шунингдек, лаборатория таҳлиллари ва текширувлари нусхалари ва оилавий поликлиникадаги беморларнинг тиббий картаси билан.
Текширув давомида оилавий поликлиника масъуллари ва бошқа тиббиёт ходимларидан тушунтириш хатлари олинди. Ҳозирда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзбекистонликларни тиббиёт соҳасидаги барча коррупсиявий ҳолатлар ҳақида 1203 ишонч телефони ёки Телеграм-бот орқали хабар беришга чақиради.
Аввалроқ "Юксалиш" ҳаракати экспертлари бирламчи тиббий ёрдам соҳасидаги коррупция мавзусида сўров ўтказган эди. Натижада шифокорлар тиббиётда коррупция йўқлигини айтишди, аммо беморлар шифокорларга "раҳмат" айтишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июль ойидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда тиббиётни трансформация қилиш бўйича уч ойлик дастур доирасида порахўр шифокорларни аниқлашни бошлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас