Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россия Федерацияси Тергов қўмитаси маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, икки нафар ўзбекистонлик Москва марказида одам ўғирлаш учун ушланган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари 24 ва 36 ёшли икки нафар эркакка нисбатан жиноят ишини тергов қилмоқда. Улар ғаразли мақсадларига кўра, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўравонлик ёрдамида одамни ўғирлашда, шунингдек, зўравонлик ёрдамида йирик миқдордаги товламачиликда гумон қилинмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, 2022 йил 13 октябрь куни Москванинг Земляной вал кўчасида жойлашган турар-жой биноси ёнида бўлган икки нафар ўзбекистонлик зўравонлик ишлатиб, бир эркакка ҳужум қилишган.
Улар ўлдириш билан таҳдид қилиб, жабрланувчини мажбуран машинага солиб, уни Москва шаҳри ва вилоятининг турли ҳудудларига олиб боришган. У ерда жиноятчилар ўғирланган одамнинг қариндошидан уни озод қилиш учун телефон орқали суҳбат давомида 400 минг рубль миқдорида пул талаб қилишган.
Жиноятчилар машинаси текшириш учун тўхтатилганда, у ерда жабрланувчи боғлиқ ҳолда топилган. Шу тариқа, ўзбекистонлик икки нафар эркакнинг жиноий фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан бартараф этилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас