Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Нью-Деҳлидаги меҳмонхонада юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам борлигини маълум қилди.
Вазирлик расмий вакили Рандхир Жайсвалнинг билдиришича, фожиа оқибатида камида 13 нафар хорижлик ҳалок бўлган. Улар орасида Ўзбекистон, Мозамбик, Бангладеш, Либерия, Конго ва Ироқ фуқаролари, шунингдек, Нигерия ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор.
Маълум қилинишича, ёнғин натижасида 20 нафардан ортиқ хорижлик турли даражада жароҳат олган. Ҳиндистон ҳукумати жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига ёрдам кўрсатиш мақсадида дипломатик ваколатхоналар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳодиса 3 июнь куни Нью-Деҳлининг жанубида жойлашган меҳмонхонада содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида жами 21 киши ҳалок бўлган.
Айни пайтда мазкур маълумот Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг аввалроқ берган баёнотидан фарқ қилади. Ўзбекистон ТИВ ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида мамлакат фуқаролари йўқлигини маълум қилган эди.
Ҳозирча Ўзбекистон томонидан Ҳиндистон ТИВнинг сўнгги баёноти юзасидан қўшимча расмий изоҳ берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас