Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманининг Мавлонсой қишлоғида ўқувчилар мактабга эшакда қатнаётгани айтилган видео тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси видеолавҳа юзасидан расмий баёнот берди.
Идора маълумотига кўра, ҳодиса Мавлонсойда эмас, балки туман марказидан 40 километр узоқликда, Қўшработ тумани билан чегарадош бўлган Бургансой маҳалласининг Олмосувон қишлоғидаги 84-сонли мактаб ҳудудида юз берган.
Таъкидланишича, ушбу ҳудуд тоғ ёнбағирларида жойлашган бўлиб, аҳоли пунктлари тарқоқ ва ички йўллар асосан соқмоқлардан иборат. Ҳозирда 84-сонли мактабда 92 нафар, унинг филиалида эса 21 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабнинг асосий биноси ва филиали ўртасидаги масофа 3 километрни, энг олис қишлоқдан мактабгача бўлган масофа эса 4 километрни ташкил этади.
Олмосувон, Қўшамазор, Тўлали ва Жилқиҳайдар каби қўшни қишлоқлардан келадиган ўқувчилар тоғли ҳудуд ҳамда йўл инфратузилмаси йўқлиги сабабли маҳаллий аҳоли сингари ушбу улов воситаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу олис ва тоғли ҳудудда йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатнашини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури кўриб чиқилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас