Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Хоразм вилоятида бир аёл ўз қариндошлари билан бирга ўғлининг хушторини калтаклашган. Калтакланиш пайтида олинган "Хоразмда ўзбошимча суд” номли видеоролик тармоққа жойлаштирилган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Аниқланишича, 9 июнь куни тахминан соат 22:40да Кўшкўпир тумани “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 20 ёшли Х.О. дугоналари билан уйига қайтаётганида аёллар унга ҳужум қилишган.
Ўзбошимча судда К.Д. ўз опа-сингиллари О.Д. ва Р.Д. ҳамда қариндоши Р.Н. билан бирга иштирок этган. Уларни Nexia автомашинасида С.Д. исмли ҳайдовчи ёш аёлнинг уйига олиб борган.
Аёллар Х.О.га ҳужум қилиб, уни К.Д. исмли ўғли ва келинининг шахсий ҳаётига аралашиши ҳамда уларнинг оиласини бузаётганликда айблашган. Улар Х.О.ни таёқ билан калтаклаб, сочларини кесишган. Шу билан бирга, С.Д. содир бўлган воқеани мобил телефонига суратга олган.
Калтакланган аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Х.О. танасининг чап билаги, чап ва ўнг елкаси, чап сони, пастки тиза ва кўкрагидан тан жароҳатлари олиб, улар енгил тан жароҳатлари деб топилган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг билдиришича, Х.О. 2016 йилдан бошлаб фуқаро К.Д.нинг ўғли билан бирга яшаб келмоқда ва уларнинг умумий фарзанди бор.
Кўшкўпир тумани Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан тажовузкорларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисмининг "б, д" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давом этмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас