Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Контрабандачилар куртка ва гиламга гиёҳванд моддаларни шимдириб, йириқ миқдордаги героин моддасини олиб ўтмоқчи бўлишган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасига (ДБҚ) ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Вилоят божхона бошқармасининг "Айритом" чегара-божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароларининг хатти-ҳаракатлари мазкур пост ва Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимларининг эътиборини торди”, - дея маълум қилмоқда ДБҚ.
Ушбу фуқаролар холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, курткаларининг астари ички қисмига шимдирилган “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлган.
Бундан ташқари, фуқаролардан бирининг шахсий буюмлари орасида бўлган эски гиламчага ҳам “героин” гиёҳвандлик моддаси шимдирилган экан.
Экспертиза хулосасига кўра, куртка астарларида 608 грамм ва гиламчада 1 килограмм 177 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги аниқланган.
Жами қонунбузарлардан 1 килограмм 785 граммдан ортиқроқ “героин” гиёҳвандлик воситаси олиб қўйилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас