Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси ўрганишларида Наманган ва Сирдарё вилоятларида коммунал хизматлар билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди. "Наманган сув таъминоти" жамияти тарифларни шакллантиришда асоссиз даромад олган, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида эса 537 нафар истеъмолчига сифатсиз ичимлик суви етказиб берилгани маълум бўлди.
Наманган вилоятидаги ўрганишда ичимлик ва оқова сув тарифларини белгилашда хомашё материаллари бўйича меъёрларга риоя қилинмагани аниқланган. Бунинг натижасида 252,7 миллион сўм, шунингдек, тарифларга киритилган, аммо амалда бажарилмаган харажатлар ҳисобидан 1,18 миллиард сўм асоссиз даромад олинган. Жами сумма 1,4 миллиард сўмдан ошган.
Ушбу ҳолат юзасидан "Наманган сув таъминоти" жамиятига нисбатан иш қўзғатилиб, корхонага қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида ўтказилган текширувда эса икки маҳалладаги 537 нафар истеъмолчига сифатсиз ичимлик суви етказиб берилгани аниқланган. Натижада истеъмолчилардан қарийб 6,2 миллион сўм асоссиз маблағ олинган.
Рақобат қўмитаси "Сирдарё сув таъминоти" АЖга нисбатан ҳам иш қўзғатиб, 537 нафар истеъмолчи билан қарийб 6,2 миллион сўмни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича мажбурий кўрсатма берган. Ҳолатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши сифатида баҳоланган.
Олдинроқ "Навоий сув таъминоти" жамияти буюртмачилигида ўтказилган бошланғич қиймати 15,5 миллиард сўм бўлган тендерда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани аниқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас