Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган наманганлик аёлни акс этган видеоёзув бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан тергов бошланган. Аёл куйиш жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, ижтимоий тармоқларда уйидан мажбурий чиқарилаётган Наманган шаҳрида яшовчи аёлнинг ўзини ёқиб юбориб, вафот қилганлигини акс этган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратуранинг маълумотларига кўра, воқеа 29 сентябрь куни юз берган. Наманган туманлараро судининг ижро варақасига асосан, МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочилари ушбу хонадонга бориб, аёлни квартирадан мажбурий чиқаришни бошлашган.
Шу вақтда, аёл ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш мақсадида 1,5 литр ҳажмли елим идишдаги бензин ёқилғисини устидан қуйиб, ўзини-ўзи ёқиб юборган.
Аёл 2020 йил 30 сентябрь куни РШТЁИМ Наманган филиалининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасида аёл танаси юзасининг 90 фоиз алангадан куйиши, шундан 40 фоиз қисми чуқур куйиш ва юқори нафас йўлларининг 1-даражали куйиши унинг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳати ҳисобланиши кўрсатилган.
Жиноят иши бўйича судга оид тиббий, судга оид ёнғин техникавий ва бошқа зарурий экспертизалар тайинланган. Шунингдек, МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочиси ва профилактика инспектори ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.
Изоҳлар мавжуд емас