Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилоятида мудҳиш жиноятнинг олди олинди. Давлатобод туманида яшовчи аёл ўз жазмани билан тил бириктириб, шаръий никоҳидаги эрини ўлдириш учун қотил ёллашга уринган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар бермоқда.
Тезкор маълумотларга кўра, гумонланувчилар нотаниш шахсга турмуш ўртоғини йўқ қилиш эвазига 6 000 доллар ваъда қилишган. Улар режани Telegram орқали муҳокама қилиб, қотилга жабрланувчининг Cobalt автомашинасида қаерда юриши ва қачон ёлғиз бўлиши ҳақида маълумот беришган.
Режага кўра, жиноят Андижон–Наманган йўлидаги кимсасиз жойда содир этилиши ва изларни йўқотиш учун машина ёқиб юборилиши керак эди.
Тегишли органдар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қотиллик жинояти саҳналаштирилди. "Шартли қотил" жабрланувчининг гўёки ўлдирилгани акс этган видеотасвирни буюртмачиларга кўрсатган. Аёл ва унинг жазмани ваъда қилинган пулнинг 5 500 долларини бераётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25 ва 97-моддалари (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар ҳибсга олинган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас