Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Навоий вилоятида яшовчи жиноий гуруҳ аъзолари ҳоким қарорини асос қилиб ва уни ўз фойдаларига қарата талқин қилиб, давлат заҳирасида бўлган ер участкасида 13та уй қуришган ва оддий фуқароларга пуллашган. Ноқонуний қурилиш ҳолати аниқлангач ва тергов бошланиши биланоқ, жиноятчилар блогер ва журналистларга мурожаат қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан таъқиб қилинаётганликларни маълум қилишган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Гуруҳ аъзолари қонунга хилоф равишда уй қуриб, ер олиш учун 13 кишига сохта ҳужжат тайёрлашган. Шундан кейин ҳокимнинг 2007 йилдаги ер ажратиш тўғрисидаги қарорининг архив нусхасини олиб, кадастр ҳужжатини олиш учун давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилишган.
Текширув пайтида прокуратура ходимлари томонидан номувофиқлик аниқланган. “Google хариталар” тизими ёрдамида илгари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилган ер участкаларида сўнгги икки йил давомида сохта ҳужжатлар асосида ноқонуний қурилиш амалга оширилганлиги аниқ бўлган.
"2020 йилнинг май-июнь ойларида мен ушбу уйлар учун кадастр ҳужжатларини тайёрладим, лекин уларнинг қурилиши ҳали тугалланмаган эди. Уларни ишга туширилган уйлар сифатида расмийлаштирдим. Аслида, бундай кадастр ҳужжатларини тузишдан олдин объект ва унинг ҳудудини диққат билан ўрганиш керак эди", - дея таъкидлади кадастр ходими.
"Кармана тумани ҳудудининг бир қисми Навоий шаҳри таркибига кирганида, давлат заҳирасида бўлган маълум ҳудудлар қолган. Биз ушбу участкалардан уй қуриш учун фойдаланишга қарор қилдик. Уй-жойни расмийлаштириш учун танишларимизнинг паспорт нусхаларидан фойдаландик. Уларнинг бундан хабари бўлмаган. Ҳар бири олти сотихдан бўлган жами 13 та уй қурдик", - деди жиноий гуруҳ аъзоси.
Тергов бошлангандан сўнг, жиноятчилар мавзу атрофида шов-шув кўтаришга, блогерлар ва оммавий ахборот воситаларини ҳам қўшишга қарор қилишган. Улар прокуратура ходимлари гўё ноқонуний равишда ерни тортиб олаётгани ҳақидаги миш-миш тарқатишган.
"Харидорлар сўроққа чақирила бошлаганда, қилмишларимизни яшириш учун журналист ва блогерларга мурожаат қилишга қарор қилдик. Ёрдам беради деб ўйлаб, ёлғон маълумот тарқатдик", - деди жиноий гуруҳ аъзоси.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас