Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий шаҳрида 340 миллион сўмлик олтинни ноқонуний сотишга уриниш фош этилди. Тезкор тадбирда 212,9 грамм қуйма олтинни сотмоқчи бўлган икки нафар шахс ушланган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, 39 ва 33 ёшли икки шахс қўлга олинган.
Маълум қилинишича, улар 999 пробали 212,9 грамм олтинни 340 миллион сўмга сотиш бўйича келишган. Улар харидорга 26,3 грамм олтинни бериб, қолган қисмини кейинроқ етказиб беришни айтган ва шу вақтда 20 минг доллар ҳамда 100 миллион сўмни олганида ушланган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилардан бирининг уйида қумдан олтин ажратиб олишга мўлжалланган яширин цех ҳам аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ Тошкент вилоятидаги "Навоий" чегара божхона постида гўдак ва вояга етмаган болалардан фойдаланиб, тилла ҳамда хорижий валютани мамлакатдан ноқонуний олиб чиқишга бўлган уринишлар бартараф этилганди. Чегарада ўтказилган назорат тадбирлари давомида умумий қиймати 450 миллион сўмлик тилла ва 40 минг долларни яшириб олиб ўтмоқчи бўлган шахслар қўлга олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас