Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилоятида уч нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Томди тумани жиноят ишлари бўйича суди автобус ҳайдовчисини айбдор деб топиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Фожиали ҳодиса 2026 йил 5 январь куни эрталаб А-379, "Навоий–Учқудуқ" автомобиль йўлининг 167–168-километрларида содир бўлган. 40 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги автобус "Зарафшон–Навоий" йўналишида ҳаракатланиб, 47 нафар йўловчини олиб кетаётган бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, ҳайдовчининг эътиборсизлиги оқибатида автобус йўлдан чиқиб кетиб, тепалик ёнбағрида ағдарилган. Ҳодиса натижасида 3 нафар йўловчи, жумладан бир нафар вояга етмаган бола воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна 21 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳатлари олган.
Суд жараёнида ҳайдовчи ўз айбини тўлиқ тан олган. Унинг айтишича, енгил туман шароитида соатига тахминан 70 километр тезликда ҳаракатланаётган вақтида сув ичмоқчи бўлган. Шу пайт идиш қопқоғи қўлидан тушиб кетган ва уни излашга уринганида бошқарувни йўқотган.
Суд ҳайдовчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган.
Ҳукмга кўра, у 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ҳамда 3 йил давомида барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Шунингдек, суд қарори билан маҳкум автобус эгаси бўлган ташкилот фойдасига 147 миллион сўм миқдорида моддий зарарни қоплаб бериши белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас