Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Норвегиядан ўзбекистонлик ногирон болаларга янги йил совғалари жўнатилган. Бироқ, мухбиримиз хабар беришича, йўл-йўлакай совғаларнинг бир қисмини кимдир ўғирлаган.
Бу ҳақда “Истеъмолчи.уз” ҳамжамиятига 442-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ходими маълум қилган.
“Менинг мурожаатим 442-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчилари учун янги йил совғаси сифатида Норвегиядан юборилган болалар колготкиларини ўғирлаган Ўзбекистон почтаси ёки Божхона ходимларига тегишлидир. Бу қилмишингиздан сўнг уйқунгиз келаяптими? Бу жўнатмаларнинг ичидан буюмларни олишга қандай ҳаддингиз сиғди? Наҳотки, шундан сўнг ўзингиз ва болаларингиз кўнгли хотиржам бўлса?”, - дея ёзмоқда у.
“Бу болалар шундай ҳам умрбод қийналишга мажбур. Бу совғалар меҳр ила янги йил туҳфаси сифатида бир қиз томонидан юборилган. Сиз эса олиб қўйдингиз. Билингки, фалак гардиши деган гап бор, сизга бу икки карра бўлиб қайтади. Мен боғча ҳудудида қутиларнинг очилишини видеога олганман. Бошқа далилларим ҳам бор. 52 нафар тарбияланувчиларимни хурсанд қилиш учун почтадан боғчага қараб югурдим. Натижада алам ва қайғуга тушдим. Сиз ҳаққингизда нималар ўйлаётганимни ҳаттоки тасаввур ҳам қилмайсиз!, - деди у.
Аёлнинг айтишича, қутидаги 22та колготки солинган пакетни чиқариб олишган. Бошқаларини олишга балким уялишгандир.
“Қушбеги почтасидан қутини пачоқ ҳолатда олдим, ён томонлари қизил скотч билан боғланган. Болаларнинг нарсаларини ўғирлаш мумкинлигини ҳаттоки тасаввур ҳам қилмаганман. Қолаверса, қутига ким учун юборилаётгани ёзиб қўйилган. Тезда таксига юклаб, боғчага бордим. Болалар ухлашига қадар совғаларни тайёрлаб қўймоқчи бўлдим. Юборувчи қиз билан боғландим, у қутининг дастлабки суратини юборди, унда ҳеч қандай скотч бўлмаган. Бу “халқ ҳунармандлари”нинг ишига ўхшайди, - дея таъкидлади у.
“Ўзим ҳам, боғча ходимлари ҳам ҳайратда қолди. Қандай журъат қилиш мумкин? Янги йил арафасида ногирон болаларнинг совғаларига кўз олайтириш учун ким бўлиш керак?”, -дея якунлади боғча ходимаси.
Ўзбекистон почтаси ва Давлат божхона қўмитаси вазиятга изоҳ беришига умид қилиб қоламиз.
Изоҳлар мавжуд емас