Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси Бруклин туманида содир бўлган фожиали ҳодиса оқибатида 11 ёшли Ўзбекистон фуқароси Амира Аминова ҳалок бўлганини маълум қилди. Ушбу даҳшатли ЙТҲ бола ҳаётига зомин бўлиб, АҚШда яшовчи ватандошларимизни ларзага солди.
CBC News нашри маълумотига кўра, фожиа 5 февраль куни содир бўлган. Қизалоқ пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган вақтда ўнгга бурилаётган мактаб автобуси уни уриб кетган. Олинган жароҳатлар ҳаёт билан мос келмаган.
«Ҳалок бўлган қизнинг онасига, яқинларига ва барча қариндошларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Бош консулхона боланинг онаси билан доимий алоқада бўлиб турибди, шунингдек Нью-Йоркнинг тегишли ваколатли идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда», — дейилади дипломатик ваколатхона расмий баёнотида.
АҚШдаги Ўзбекистон дипломатик муассасалари марҳуманинг оиласига биринчи мурожаатдан бошлаб зарур бўлган барча ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини тасдиқлади. Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлаш ва ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас