Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиноят ишлари бўйича Данғара туман судида ўз онасини ваҳшийларча қатл қилган 29 ёшли шахсга нисбатан ҳукм ўқилди. Суд ҳужжатларига кўра, мудҳиш жиноят 2026 йил 15 январь куни эрталаб соат 08:00 атрофида содир этилган. Оилавий келишмовчилик, хусусан, ўғлининг ҳалигача уйланмаётганлиги ва пул маблағларини сарфлаш борасидаги доимий низолар фожиага сабаб бўлган.
Суд ҳужжати материаллари билан Batafsil.uz мухбири танишиб чиқди.
Воқеа тафсилотларига кўра, жанжал пайтида судланувчи дастлаб болта билан онасининг бош қисмига бир неча маротаба урган. Жабрланувчи ерга йиқилганидан сўнг, судланувчи тандирхонада турган ошхона пичоғини олиб, ҳали тирик бўлган онасининг бўйин қисмидан кесиб, бошини танасидан узиб олган ва ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.

Жиноятни яшириш мақсадида у онасининг жасадини томорқага, бошини эса ундан 10 метр узоқликдаги бошқа жойга кўмиб юборган. Шунингдек, қон теккан кийимларни тандирда ёқиб юборган.
Суд-тиббий экспертизаси марҳуманинг ўлимига бўйиннинг танадан узилиши, йирик қон томирларининг кесилиши ва ўткир қон кетиши сабаб бўлганлигини тасдиқлаган. Суд-психиатрия хулосасига кўра, эркак жиноят содир этган вақтда ақли расо бўлган ва ўз ҳаракатларини тўлиқ англаган. Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Жабрланувчининг қонуний вакили бўлган эри ўғлига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилган.
Суд ҳайъати судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топган. Суд ҳукмига кўра, унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Илгарироқ Бухоро вилоятида ўз онасини пичоқлаб ўлдирган Осиё халқаро университети тиббиёт факультети талабасига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Гарчи аёл воқеа жойида вафот этганига қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари ўғлининг ҳаракатларини оғир тан жароҳати етказиш моддаси билан малакалаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас