Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Olx сайтида сохта ижарани таклиф қилиб, юзлаб кишиларни алдаган фуқаро қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Тошкент шаҳрида жойлашган давлат ташкилотлари ва муассасаларида ишлайдиган ходимларнинг бир қанчаси вилоятлардан кўчиб келиб, меҳнат фаолиятини олиб боради. Ушбу инсонлар пойтахтга келган дастлабки кунларидан ўзи ва оиласи яшаши учун муносиб шароитларга эга, ҳар тугул арзон нархдаги хонадонни ижарага олишни истайдилар. Бунинг учун улар ижарага уй топиш анча осон бўлган “olx.uz” платформасидан фойдаланадилар”, – дея таъкидламоқда вазирлик.
Бироқ, шундай инсонлар ҳам борки, улар турли ноқонуний йўлар билан бойлик орттириш мақсадида фуқароларни алдаб, арзон ва сифатли уй-жойларни ижарага беришни ваъда қилиб, маблағларини талон-тарож қилмоқдалар.
Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида бир неча йилдан буён юқорида кўрсатилган жиноий ҳаракатларни амалга ошириб келаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
2021 йилнинг 1 июнь куни фуқаро қўлга олиниб, унинг ёнидан бир дона совуқ қурол, ўғирланган банк пластик карталари ва мобил алоқа компанияларининг бир нечта сим карталари топилган.
Аниқланишича, бу фуқаро ёш бўлишига қарамасдан, енгил пул топиш, осон яшаб, ўзгалар ҳисобидан кун кечириш, кўнгилхушликлар ва шоҳона яшаш учун ҳеч фирибгарлик йўлига кириб кетган.
У интернетдаги olx.uz сайти орқали пойтахт марказида жойлашган хонадонлардан бирини ижарага бераман, деб эълон жойлаштирган. Табиийки, арзон нархдаги барча қулайликларга эга бўлган хонадон вилоятлардан келган ижарада яшовчиларнинг эътиборини ўзига қаратади.
Унга телефон орқали алоқага чиққан фуқароларга ўзини ҳарбий хизматчи деб таништириб, ҳозирда бошқа вилоятда эканлигини ва хизмат сафаридан 2-3 кунда пойтахтга қайтгач, ижарага олувчига хонадонни кўрсатишини, бошқа одамга ижарага бермаслик учун эса олдиндан пластик картасига пул ўтказиб бериши кераклигини айтган.
Шу тариқа, фуқаро бир нечта пластик карталарга пул маблағларини ўтказиб олган заҳоти мижозлар билан алоқани узган.
Ушбу услуб билан фуқаро пойтахтда ижарага хонадон олмоқчи бўлган 100 нафардан ортиқ фуқароларнинг ҳар биридан 200 минг сўмдан 2 млн. сўмгача, бир йил давомида умумий миқдори 80 млн. сўмдан ортиқ миқдордаги маблағларини ноқонуний йўллар билан талон-тарож қилган.
Ҳозирда фуқаро қўлга олиниб, жиноий шерикларини аниқлаш юзасидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас