Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кеча, 17 май куни Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида кузатилган кучли шамол ҳудудда бир қатор жиддий талофатларни келтириб чиқарди. Бугун Тошкент шаҳри ҳудудида ҳам кучли шамол бўлиши кутилаётганлиги сабабли, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқаролардан хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни сўраган.
Хоразмда довул оқибатида айрим уйларнинг том қисмлари учиб кетган. Энг ачинарлиси, тумандаги болалар ўйингоҳида ўрнатилган батутлар кучли шамол босимига дош беролмай, ҳавога учиб, ағдарилиб кетган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирларда шамол кучайган вақтда батут ичида ва унинг атрофида бўлган болалар ҳамда катталар қочаётгани акс этган.
Шинингдек, бугун Тошкент шаҳрида кутилаётган кучли шамол туфайли яшаш жойларида эшик-деразалар, чордоқ ва ҳаво айланиш тизимларини маҳкам беркитиш, балкон ва дераза токчаларидаги ташқарига тушиб кетиши мумкин бўлган буюмларни хавфсиз жойга олиш ёки уларнинг мустаҳкамлигини текшириш, хонадонлардаги барча газ қурилмаларини доимий назоратда ушлаш тавсия қилинмоқда.
Кўчаларда юрганда дарахтлар ва электр устунлари тагида турмаслик, бузилган ёки чала битган биноларга кириш, хавфли устунлар, реклама баннерлари ва деворлар ортига яшириниш қатъиян тақиқланади.
Шамол кучайганда, кўчада қолмасдан, зудлик билан мустаҳкам қурилган бинолар, ер ости ўтиш йўллари ва бошқа яшириниш мумкин бўлган хавфсиз жойларга кириб ҳимояланиш тавсия этилган. Шахсий автотранспорт воситаларини катта дарахтлар ва тез учиб кетувчи енгил конструкцияли қурилмалар остида қолдирмаслик эслатилган.

Изоҳлар мавжуд емас