Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африка қитъасида Эбола эпидемияси кенг тарқалаётгани сабабли халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат эълон қилди. Мазкур қарор аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишнинг хавфлилик даражаси бўйича иккинчи энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бундан юқорироқ мақом фақат глобал пандемия даврида берилади, бироқ ташкилот вакиллари ҳозирча вазият бу даражага етмаганини билдиришмоқда.
Билдирилишича, Эбола вирусининг "Бундибугё" деб номланувчи штамми Конго Демократик Республикаси (КДР) ва Уганда давлатларида фаол тарқалмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу касаллик оқибатида 88 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган, умумий касалланганлар сони эса 330 дан ортиб кетган. ЖССТ мутахассислари чекка ҳудудлардаги назоратсизлик туфайли реал ҳолатлар сони бундан анча кўп бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Хусусан, 15 май куни КДРнинг ҳарбий низолар давом этаётган Итури вилоятида ҳамда қўшни Угандада ушбу штамм оқибатида янги ўлим ҳолатлари қайд этилган.
КДР соғлиқни сақлаш вазири Самуэл Рожер Камба вазиятнинг хавотирли жиҳатига эътибор қаратиб, айнан ушбу Бундибугё штаммига қарши расмий вакцина ёки махсус даволаш усуллари ҳали мавжуд эмаслигини, ундаги ўлим кўрсаткичи эса 50 фоизга етишини маълум қилган. Бу галги ҳолат Конго тарихидаги Эбола эпидемиясининг 17-тўлқини сифатида баҳоланмоқда. Бундан аввалги йирик авж олиш ҳолати 2025 йилнинг август ойида кузатилган бўлиб, ўшанда вирус 34 кишининг умрига завол бўлган эди.
Олдинроқ Ўзбекистон Фанлар академияси одамдан одамга юқувчи янги хавфли вирус ҳақидаги ваҳимали хабарларга ойдинлик киритиб, мамлакатдаги жорий вазиятни эълон
қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас