Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Оқдарё туман бўлими томонидан отасига алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб юрган фарзандга нисбатан қатъий чора кўрилган. Миллий қадриятлар ва Қонунчилик талабларини бузган ўғил суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ёрдамга муҳтож ота-онасини таъминлашга мажбур. Афсуски, бу мажбуриятни бажармаётганлар ҳам орамизда учраб турибди.
Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг қарорига кўра, қарздор ўғил ўз отаси фойдасига ойлик даромадининг 50 фоизи миқдорида алимент тўлаши белгиланган.
Бироқ, у ушбу алимент мажбуриятини қасддан бажармай, тўлашдан бўйин товлаб келган.
Давлат ижрочиси бир неча марта огоҳлантиришлар ва жавобгарлик ҳақида тушунтиришлар берганига қарамай, натижа бўлмаган. Шу сабабли ҳужжатлар судга тақдим этилган.
Жорий йилнинг 1 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман суди қарздор ўғилга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисиидаги Кодекснинг 47-5-моддаси 1-қисми (Моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз турмуш ўртоғини моддий таъминлашдан бўйин товлаш) бўйича 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Хоразм вилояти Боғот туманида ҳам кекса отасига алимент тўлашдан бўйин товлаган 3 нафар фуқарога нисбатан суд жараёнлари бўлиб ўтган эди. Уларнинг ҳар бири 2,7 миллион сўмдан ортиқ миқдорда қарздор бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас