Загрузка
Загрузка
Отасининг наркотиклари, 1 сўмлик уй ва блогер билан жанжал: Санжар Каримов иши бўйича навбатдаги суд мажлиси нимаси билан ёдда қолди
Ҳодисалар

Отасининг наркотиклари, 1 сўмлик уй ва блогер билан жанжал: Санжар Каримов иши бўйича навбатдаги суд мажлиси нимаси билан ёдда қолди

23
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Санжар Каримов (Real Sanjik) иши бўйича Мирзо-Улуғбек тумани судида бўлиб ўтган бешинчи мажлис шов-шувли жанжал ва мулкий низода кутилмаган бурилиш билан эсда қолди. Жараён блогер Гейдар Алиев (Gonzo)нинг "ахборот терроризми"да айбланиб, залдан кескин чиқариб юборилиши билан бошланган бўлса, у томонларнинг баҳсли уйни Олимбоевлар оиласига рамзий 1 сўм эвазига қайтаришга тайёр эканини билдириши билан якунланди. Шу билан бирга, судланувчи илк бор ундан топилган наркотикларнинг келиб чиқишини очиқлаб, уларни АҚШдан келтирилган марҳум отасининг "тиббий мероси" деб атади ҳамда оғир стресс фонида уларни истеъмол қилганини тан олди.

Аввалги мажлисларда нима бўлган эди

Аввалги эшитувларда суд айбловнинг икки асосий томони позицияларини ўрганди. 10 апрель куни бўлиб ўтган биринчи мажлисда шу ишга боғлиқ ҳолда 9 йилга ҳукм қилинган Шаҳзода Рисматовнинг онаси Феруза Раҳматуллаева мазкур жараённи судланувчи томонидан йиллар давомида кўрсатилган босим натижаси деб атади. Шунингдек, айнан шу мажлисда низонинг иқтисодий жиҳати ўрганила бошланди.

13 апрель куни ўтган иккинчи мажлис Олимбоевлар оиласи тарихи муҳокамасига бағишланди. Оила онаси Шахло Олимбоева уларнинг уйидан маҳрум бўлишига олиб келган схемани батафсил тушунтириб берди. Унинг сўзларига кўра, 2024 йил август ойида қизлари Жамиляга уйланишни режалаштираётган Шаҳзод Рисматов бўлажак қуда томонни ўзининг молиявий муаммоларини ҳал қилиш учун уйни вақтинча гаровга қўйишга кўндирган. Бироқ нотариус идорасида гаров шартномаси ўрнига Санжар Каримов номига олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган.

Иш материалларига кўра, Каримов уйни 150 минг долларга сотиб олган, яна 70 минг доллар эса Рисматов томонидан икки дона BMW автомашинаси гарови эвазига олинган. Ушбу маблағларнинг барчасини Рисматов ўзига олиб, кейин Дубайга қочиб кетган, уй эса кейинчалик Каримовнинг жияни номига ўтказилган. Ҳимоя томони томонидан 240 минг долларни суд депозит ҳисобига товон сифатида қўйиш таклифи берилганига қарамасдан, жабрланувчи томон бундан бош тортди.

"Мен компенсация эмас, ўз уйимда яшашни хоҳлайман", – деди Шахло Олимбоева. Ўша пайтда Санжар Каримов кўрсатма беришдан тийилиб, тўлиқ чиқишга тайёрланиш учун суддан вақт сўради.

17 апрель куни бўлиб ўтган учинчи мажлисда суд таҳдидлар эпизоди бўйича Санжар Каримовнинг кўрсатмаларини эшитди. Судланувчи Феруза Раҳматуллаевага нисбатан ҳақоратлар бўлганини тан олди ва суд залининг ўзида ундан омма олдида узр сўради, аммо ўлдириш билан таҳдид қилгани ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этди. У ўз агрессиясини Рисматов билан чўзилиб кетган можаро билан изоҳлаб, гўёки у ўзга автомобилларни гаровга қўйиб, қочиб кетганини айтди.

Ўз навбатида, жабрланувчи томон қўшимча далиллар тақдим этди: Феруза Раҳматуллаева судга телефон суҳбатлари аудиоёзувларини топширди, унинг таъкидлашича, уларда психологик босим ҳолатлари қайд этилган. Ҳимоя томони бу материалларнинг қонунийлигини шубҳа остига олганига қарамасдан, суд уларни ишга қўшди. Воқеалар манзарасини жабрланувчининг қизи Жамиля Олимбоева ҳам тўлдирди — у ўз кўрсатмаларида уй бўйича битим хронологиясини батафсил тиклаб, куёвининг йўқолиб қолиши ҳолатларига ҳам ойдинлик киритди.

Тўртинчи мажлис яна бир қатор процессуал ўзгаришлар билан бошланди: ишда яна давлат айбловчиси алмаштирилди, Санжар Каримовнинг адвокатларидан бирига эса раддия берилди. Шу ўзгаришларга қарамасдан, жараён иштирокчилари эшитувларни давом эттиришга қарши чиқмадилар ва суд янгиланган иш режасини тасдиқлади. Залда нотариус ва унинг ёрдамчиси ўз навбатини кутаётган бўлса-да, устуворлик асосий гувоҳ — Шаҳзод Рисматовни сўроқ қилишга берилди.

Рисматов аввал ўз иши доирасида берган кўрсатмаларидан расман воз кечиб, уларни ёлғон деб атади. Унинг айтишича, ўша пайтда у Каримов томонидан юборилган, деб ҳисоблаган адвокат босими остида гапирган. Гувоҳ фақат дастлабки тергов босқичида баённомаларда қайд этилган кўрсатмаларини ҳақиқий деб ҳисоблашни сўради. Шунингдек, у БААда паспортисиз, банк ҳужжатларини расмийлаштириш баҳонаси билан ушлаб турилганини, шу вақтда эса Тошкентда унинг ва келинининг оиласига тегишли уйлар амалда тортиб олинганини билдирди. Босим воситаларидан бири сифатида у 235 минг долларлик SWIFT-чекни тилга олиб, унинг сўзларига кўра, ушбу чек сохта бўлган ва фақат қариндошларда уй учун тўлов амалга оширилгани ҳақида тасаввур уйғотиш мақсадида қўлланилган, шу орқали уларни нотариусда ҳужжатларга имзо қўйишга кўндиришган.

Унинг янги версиясига кўра, барчаси Каримовнинг Дубайда умумий бюджети 600 минг доллар бўлган қўшма криптоайирбошлаш шохобчасини очиш таклифи билан бошланган. Ана шу катта бизнес-лойиҳа ваъда қилган юқори даромад туфайли оилалар ўз мулкларини вақтинча гаровга қўйишга рози бўлишган, бироқ гаров шартномаси ўрнига сотув ҳужжатларига имзо қўяётганларини англамаганлар.

Ўша мажлисда суд шунингдек нотариус ҳамда Дубайдаги бизнес учун пулларни етказиб бериши керак бўлгани айтилган воситачи Ибрагимнинг кўрсатмаларини ҳам эшитди.

Gonzo блогерининг залдан чиқарилиши

Мажлис ўткир процессуал тўқнашув билан бошланди. Гувоҳларни сўроқ қилишдан олдин Санжар Каримовнинг адвокатлари суд ва давлат айбловчисига ҳажмдор илтимоснома билан мурожаат қилди, натижада мажлиснинг дастлабки соатлари амалда блогер Гейдар Алиев (Gonzo) фаолиятини муҳокама қилишга бағишланди.

Ҳимоя томонининг таъкидлашича, ахборот майдонидаги вазият назоратдан чиққан. Уларнинг фикрича, блогер шунчаки жараённи ёритибгина қолмай, адвокатура институтига нисбатан мақсадли ҳужум олиб бормоқда ва судга босим ўтказмоқда. Далил сифатида суд залида Алиевнинг Instagram аккаунтидан олинган бир қатор видеороликлар намойиш этилди.

Тақдим этилган материалларда блогер ўзига хос луғатдан фойдаланиб, адвокатларни "машка" ва "лохмач" деб атагани, улар "мижоздан пул сиқиб олаяпти" дея иддао қилгани қайд этилди.

"Мен расман баёнот бераман: мен танамнинг ҳеч қандай қисмини на беш мингга, на ўн мингга сотмаганман", — дея ҳаяжон билан жавоб қайтарди ҳимоячилардан бири. У блогер томонидан айтилган бундай иборалар ва "иш сотиб олинган" деган тўғридан-тўғри даъволар туҳмат экани ва оғир жиноятда айблашга тенглигини таъкидлади.

Ҳимоя томони айниқса блогернинг Каримов ва гувоҳ ўртасидаги 20 дақиқалик аудиоёзувни интернетга жойлаб, уни бўлакларга ажратиб, суд бу ёзувга ҳуқуқий баҳо бермасидан олдин ўз хулосалари билан тарқатганидан қаттиқ норози бўлди. Адвокатлар Алиевнинг ўзи «контентни монетизация қилиш» ҳақида айтганини алоҳида таъкидлаб, буни одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини омма олдида камситиш орқали даромад топиш деб баҳоладилар.

"Бу инсон ўзини прокурор ўрнига қўйиб олган, ваколати бўлмаган ҳолда тезкор-қидирув фаолияти билан шуғулланмоқда. Бу ахборот терроризмининг хавфли прецедентини яратмоқда", — дея хулоса қилди ҳимоя томони.

Судланувчи Санжар Каримов ҳам ўз ҳимоячилари фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлади. У бундай "ўзини реклама қилиш"дан кўзланган мақсадни тушунмаслигини айтиб, суддан вазиятни фақат қонун доирасида кўриб чиқишни сўради:

"Мен сиздан илтимос қиламан, уни суд залидан чиқариб юборинг ёки менга ва адвокатга нисбатан айтилган барча ҳақоратларга ҳуқуқий баҳо беринг".

Судья сўзни Гейдар Алиевга берганда, у туҳмат ҳақидаги айбловларни рад этиб, ҳимоя томони унинг сўзларини атайлаб бузиб кўрсатаётганини билдирди:

"Ҳозир улар менинг гапларимни кесиб олиб, ўзларига хос тарзда сизларга тақдим қилишмоқда. Мен уни иккиюзламачи дедим, чунки биринчи судда "пулни Муҳаммадаминга бердим" деди, кейинги судда эса "пулни Шаҳзодга бердим" деди. Демак, у иккиюзламачи. Мен фақат унга яна бир модда — ёлғон гувоҳлик учун жавобгарлик қўшилишини сўрадим... Мен ҳеч кимни ҳақорат қилмадим".

Блогер ўзининг эълон қилган видео ва аудио материаллари аввалдан очиқ манбаларда бўлганини, уларни бошқа шахслар тасвирга олганини таъкидлади. У процессуал қонунчиликка тўлиқ амал қилаётганини, ўз услуби эса фикр билдириш ҳуқуқи эканини қайд этди.

"Мен бу ерда суд каби ҳақиқатни етказиш учунман. Агар менинг услубим ҳимояга ёқмаса — бу уларнинг ҳуқуқи, аммо мен туҳмат қилмаяпман", — деди блогер ва у мажлисга фақат кўп сонли обуначилари илтимоси билан келганини қўшимча қилди.

Давлат айбловчиси видеоматериаллар билан жойида танишиб чиқиб, бундай материалларни аввал кўрмаганини билдирди. У оммавий ахборот воситалари орқали материалларни тарқатишни чеклаш масаласи аввал ҳам кўтарилганини эслатиб, блогернинг иштирок этиши бўйича қарорни суд ихтиёрига қолдирди.

Барча томонларни тинглаб, судья қарор эълон қилди — ҳимоя томони илтимоси қисман қаноатлантирилди ва Гейдар Алиев суд залидан чиқариб юборилди.

Раислик қилувчи судья ушбу қарор сабабларини батафсил тушунтирди: суд ёпиқликка интилмаётганини ва жамоатчилик жараённинг ҳақиқий манзарасини кўришидан манфаатдор эканини таъкидлади, бироқ ОАВ ва блогерлар фаолияти албатта қонун доирасида бўлиши шартлигини қайд этди.

"Илтимос, ахборотни истаганча олинг ва тарқатинг, аммо барчаси қонун доирасида бўлсин. Ҳеч биримиз уни четлаб ўтиш ҳуқуқига эга эмасмиз", — дея хулоса қилди судья.

Блогерни туҳмат ва суд ишларига аралашиш (139, 140 ва 236-моддалар) бўйича жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кейинроқ кўриб чиқилади. Унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо иш бўйича якуний ҳукм чиқаришда, маслаҳатхонада берилиши маълум қилинди.

Блогер ушбу қарорга ижтимоий тармоқлар орқали тезкор муносабат билдириб, уни адолатсиз деб атади. Унинг айтишича, адвокатлар 40 дақиқа давомида гапирган бўлса, ўзига жавоб бериш учун атиги икки дақиқа берилган. Алиев адвокатлар томонидан туҳмат ва ҳақорат бўйича билдирилган даъволарни асоссиз деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, бу борада унга нисбатан қўйилган айбловлар аввал ҳам бекор қилинган ва бу мавзуга қайта мурожаат қилиш фақат жараённи чўзиш учун қилинмоқда.

"Уларда шунчаки бошқа айтадиган гап йўқ", — деб ёзди блогер.

У, шунингдек, қандайдир "синдикат" мавжудлигига ишора қилиб, иш бўйича якуний ҳукм чиқарилгунига қадар уни ёритишни давом эттиришини билдирди.

Махфий маълумот

Залда тартиб тиклангач, суд гувоҳларни сўроқ қилиш босқичига ўтди. Раислик қилувчи уч нафар ИИВ ходимидан биринчисини чақиришни буюрди. Суд олдида Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармасининг катта тезкор вакили гувоҳ сифатида сўзга чиқди.

Унинг сўзларига кўра, у Санжар Каримовнинг офиси ва яшаш жойида ўтказилган шошилинч тинтувда иштирок этган. Гувоҳ тушунтиришича, кечки пайтда ходимлар гуруҳи холислар ва судланувчининг қариндоши (Боситхона) иштирокида офис столи тортмаларида сарғиш ва қора моддалар солинган ўрамлар ҳамда тешилган пластик идишни аниқлаган. У уй жуда катта бўлганини, тинтув бир неча соат давом этганини ва видеоёзув билан кузатилганини таъкидлади.

Сўроқнинг сокин кечиши ҳимоя томони томонидан берилган кескин саволлар билан ўзгарди. Улар тинтув ўтказишнинг қонуний асослари ва тартибига эътибор қаратдилар.

Аввало адвокат Ашуров тезкор ходимларга тинтувни "шошилинч" деб баҳолашга нима асос бўлганини аниқлашга уринди. Вакил тақиқланган буюмлар сақланаётгани ҳақида тезкор маълумот бўлганини билдирди. Бироқ ушбу маълумотнинг манбаси ёки ҳужжатли тасдиғини сўраган ҳимоя томонига у аниқ жавоб бермади:

"Бу махфий бўлиши мумкин. Ҳозир мен сизга уни тақдим эта олмайман. Агар бўлган бўлса, демак, тақдим этилган".

Тергов ҳаракатларининг қонунийлиги мавзусини давом эттирар экан, ҳимоя томони прокурор назорати масаласини кўтарди. Гувоҳ идора қонунга мувофиқ 24 соат ичида хабардор қилинганини тасдиқлади, аммо нега буни тасдиқловчи ҳужжат иш материалларида йўқлиги ҳақидаги саволга у фақат тергов тўплаган барча материаллар билан тўлиқ таниш эмаслигини айтди. Бу процессуал муҳокама аста-секин мажлиснинг энг баҳсли нуқталаридан бирига — тинтув ўтказилган манзил масаласига ўтди. Ҳимоя жиддий фарқни кўрсатди: терговчи қарорида 13-хонадон кўрсатилган бўлса, тақиқланган моддалар 3-хонадондан топилган. ИИБ ходими буни амалда барча хоналар битта бутун ҳудудга бирлаштирилгани, ички эшиклар очиқ бўлиб, ягона макон ҳосил қилгани билан изоҳлади.

Бироқ адвокатлар бу талқинга қарши чиқиб, мазкур объектлар турли кадастр рақамларига ва турли эгаларига эга эканини таъкидладилар. Ҳужжатларда кўрсатилмаган манзилда нега тинтув ўтказилгани ҳақидаги тўғридан-тўғри саволга гувоҳ қисқа жавоб берди: у буни тушунтира олмаслигини, чунки гуруҳ берилган қарорга асосан ҳаракат қилганини билдирди.

Процессуал номутаносибликлар мавзусининг мантиқий давоми сифатида тадбир иштирокчилари таркиби масаласи кўтарилди. Сўроқ давомида маълум бўлишича, тинтув пайтида маҳалла вакили иштирок этмаган, уй эгаси номидан эса Боситхон исмли фуқаро қатнашган. Ҳимоя маълумотларига кўра, у судланувчининг яқин қариндоши эмас. Тезкор ходим бу ҳолатни тасдиқлаб, ўша пайтда бошқа қариндошларни топиш имкони бўлмаганини айтди. Шу билан бирга, томонлар мусодара қилинган ашёлар, хусусан видеоязувлар сақланган қаттиқ диск масаласини ҳам муҳокама қилди. Адвокатлар маълумотлар тинтув вақтида шикастланганини айтганида, вакил ходимларда бирор нарсани бузиш мақсади бўлмаганини, чунки бундан ҳеч қандай манфаат йўқлигини билдирди.

Худди шу тарзда у бинога кириш масаласига ҳам изоҳ берди: унинг айтишича, эшик калитлари сўралган, аммо тақдим этилмаган. Бироқ бўш уйда ходимлар аниқ кимга мурожаат қилганини у аниқ айтиб бера олмади.

Далилларга ўтар экан, гувоҳ стол тортмаларида шахсий буюмлар орасида қора модда солинган пакетлар ва пул купюраларига ўралган ўрамлар топилганини тасдиқлади. Ўз иш тажрибасига таяниб, у моддалар пулга ўралганини, яқинда турган пластик идиш эса уларни ёқиш орқали истеъмол қилинганини ва тўлиқ тайёр ҳолатда бўлганини кўрсатишини таъкидлади. Сўроқнинг ушбу қисми янада кескин тус олди, чунки ҳимоя томони тезкор ходимнинг ўша жойда бўлишининг ҳуқуқий асосларини шубҳа остига қўйди. Адвокатлар унинг фамилияси тергов гуруҳини тузиш ҳақидаги қарорда кўрсатилмаганини қайд этдилар. Бунга жавобан гувоҳ хизмат заруратига кўра раҳбариятнинг оғзаки кўрсатмаси асосида воқеа жойига келганини билдирди.

Шу муносабат билан ҳимоя томони ҳужжатларда иштироки расман қайд этилмаган шахс томонидан олинган далилларни йўл қўйиб бўлмайдиган деб топишни сўради. Муҳокама якунида яна уйнинг жойлашуви масаласига қайтилди. Адвокатлар тақдим этган харитага кўра, ашёлар турли хонадонлар ва ертўладан олинган, бироқ баённомада барчаси 13-хонадон манзили остида бирлаштирилган. Бу ҳолатга изоҳ берар экан, орган ходими баённомани терговчи тузганини, ўзи эса ҳаракатлар якунлангач тайёр матнга имзо чекканини билдирди. Турли қисмларга кириш учун эшиклар очилгани масаласига келсак, гувоҳ операцияда иштирок этганлар сони кўп бўлгани сабабли ҳар бир хонанинг қандай очилганини эслай олмаслигини айтиб, яна бинолар амалда ягона макон сифатида қабул қилинганини таъкидлади.

Мажлис давомида судланувчи Санжар Каримов ҳам сўроққа қўшилиб, ходимларга айнан қайси эшик кўрсатилгани ва нега тинтув ҳужжатларда кўрсатилмаган кириш жойидан бошланганини аниқлашга уринди. Золим ўзбошимчалик ҳақидаги тахминларни рад этиб, воқеа жойига терговчи билан бирга келганини ва жараённи айнан у мувофиқлаштирганини билдирди. Унинг айтишича, асосий кириш эшиклари ёпиқ бўлгани учун ҳовли томондаги ён эшик танланган, чунки тўсиқ ортида ягона яшаш ҳудуди мавжуд бўлган. Бироқ эшикларни айнан ким синдиргани ҳақидаги савол очиқ қолди: гувоҳ иштирокчилар кўп бўлгани сабабли бу ҳаракатни ким амалга оширганини эслай олмаслигини айтди.

Каримов, айниқса, тинтув вақтида ўзи ИИББ биносида бўлганини ва калитларни тақдим этишга тайёр эканини, аммо шунга қарамай куч ишлатиб кирилганини таъкидлади. Гувоҳ калитлар, эҳтимол, бошқа ходимлар томонидан сўралган бўлиши мумкинлигини, лекин тақдим этилмаганини тахмин қилди. Шу билан бирга, у шахсан судланувчига бундай мурожаат қилмаганини, чунки тергов ҳаракатларига раҳбарлик қилмаганини қайд этди. Оператив тайёргарлик масаласига ўтиш ҳам аниқлик киритмади: ҳимоя томони наркотик моддалар савдоси бўйича алоҳида иш мавжуд ёки йўқлигини сўраганда, ИИБ вакили бу маълумот махфий эканини ва ОАВ ҳузурида ошкор қилиб бўлмаслигини айтиб, жавоб беришдан бош тортди.

Сўроқнинг якуний қисми бинога кириш тафсилотларига бағишланди. Ҳимоя томони ходимлар нега расмий кириш йўлакларидан эмас, балки ташқи ҳудуд томонидан ҳаракат қилганига ҳайрат билдирди. Гувоҳ эса бу уй аҳолиси учун одатий кириш-чиқиш йўли бўлганини ва айнан шу ерда очиқ кириш имконияти аниқланганини таъкидлади. Уй хўжалиги вакили шахсини текшириш ва хонадон чегараларини тасдиқлай оладиган маҳалла раиси нега чақирилмагани ҳақидаги саволларга у яна жамоавий иш жараёнига ишора қилиб, маҳалла қўмитасини чақириш билан шахсан ўзи шуғулланмаганини билдирди. Унинг кўрсатмаларига кўра, бутун жараён криминалист-эксперт томонидан видеога олинган ва шундан сўнг гувоҳ суд томонидан озод этилган.

"Эшик синдирилмаган"

Навбатдаги гувоҳ сифатида суд олдида яна бир Мирзо-Улуғбек тумани жиноят қидирув бўлими тезкор вакили сўзга чиқди. Унинг сўроғи тергов ҳаракатидаги иштироки ҳолатларини аниқлашдан бошланди, чунки унинг фамилияси ҳам тинтув баённомасида қайд этилмаган. Гувоҳ воқеа жойига раҳбариятнинг оғзаки кўрсатмаси асосида келганини тасдиқлаб, қуйидагиларни таъкидлади:

"Мен аслида ичкарида бўлганман, бу рост. Лекин шахсан мен наркотик моддани топишда иштирок этмаганман ва уни қўлимга олмаганман. Эҳтимол, шунинг учун мен баённомада кўрсатилмаганман".

Хоналар жойлашуви ва манзиллар борасидаги тушунмовчилик яна муҳокаманинг марказий мавзусига айланди. Гувоҳнинг айтишича, хонадонлар ўртасида кўчага чиқмасдан ўтиш мумкин бўлган. У ертўлани бир нечта турар жойни боғлаб турувчи узун ҳудуд сифатида таърифлади:

"Фақат ертўла орқали ўтиш мумкин. Биз 13-хонадонга кирдик ва шу билан ҳаммаси тугади. Мен улар кўчага чиқиб, бошқа хонадонга кирганини кўрмадим".

Шу билан бирга, гувоҳ квартиралар ўртасидаги ҳуқуқий чегаралар унга номаълум эканини, гуруҳ айнан қайси эшик орқали кирганини ҳам аниқ билмаслигини билдирди.

Уйга кириш усули ҳам аввалги гувоҳ кўрсатмалари билан фарқ қилгани сабабли алоҳида муҳокама қилинди. Вакил судга шундай деди:

"Эшик синдирилмаган, уни очишган".

У ўз сўзларининг аввалги гувоҳ айтган куч ишлатиб кириш ҳақидаги версияга тўғри келмаслигини шундай изоҳлади: у тирбандлик сабаб кечиккан ҳолда келган ва гуруҳни аллақачон кириш жойида кўрган. У барча қарорлар ИИББ терговчиси томонидан қабул қилинганини таъкидлаб, ўзида бу борада тўлиқ маълумот йўқлигини билдирди:

"Бунинг учун терговчи жавоб беради. Унинг ўзи жавобгар. Бу 13-хонадонми ёки Санжарнинг уйими — мен бундан бехабарманс.

Сўроқ якунида гувоҳ жойда маҳалла раиси ёки "домком" иштирок этганини тасдиқлади. Унинг айтишича, қарор билан таништириш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш тўлиқ терговчи зиммасида бўлган, бироқ у терговчининг исм-фамилиясини айта олмади. Тинтув жараёни криминалист-эксперт томонидан видеога олингани тасдиқлангач, сўроқ якунланди.

"Ўғирланган" сувенир

Санжар Каримовнинг уйида ўтказилган тинтув бўйича учинчи гувоҳ сифатида Тошкент шаҳар ИИББ тезкор-қидирув хизматининш яна бир ходими кўрсатма берди. Унинг чиқиши жараёнга янги жиҳатлар қўшиб, тергов ҳаракатларини ташкил этишдаги тартибсизликлар ва ходимлар хулқ-атвори билан боғлиқ ахлоқий масалаларни ҳам очиб берди.

Вакил дарҳол расман тергов гуруҳи таркибига кирмаганини ва воқеа жойига бошқа тадбирдан "қўшимча куч" сифатида, тинтув аллақачон қизғин босқичга кирган пайтда келганини аниқлаштирди. Шу сабабли у бинога кириш жараёнини кўрмаган ва қарор билан таништирилмаган. Гувоҳ ўз вазифаси фақат хоналар катта бўлгани учун жараённи "тезлаштириш" мақсадида ҳамкасбларига ёрдам беришдан иборат бўлганини билдирди.

Ўз иштирокининг натижалари ҳақида сўралганда, у уйнинг офис қисмида сувенир буюмларни топганини айтди:

"Мен шахсан топган нарсалар — ўткир тиғли буюмлар эди. Пичоқ, қиличга ўхшаш сувенир".

Шу билан бирга, у наркотик моддалар мусодарасида иштирок этмаганини ва уларни фақат энг охирида, далиллар аллақачон қопланганидан кейин кўрганини таъкидлади.

Ҳимоя томони жиддий процессуал зиддиятга эътибор қаратди. Гувоҳнинг сўзларига кўра, тинтувда бир вақтнинг ўзида тўрт-беш нафар ходим қатнашган ва улар катта уйнинг турли хоналарига тарқалиб кетган. Адвокатлар эса икки нафар холис барча ҳаракатларни бир вақтнинг ўзида назорат қилиши мумкин эмаслигини таъкидладилар:

"Қонунга кўра тинтув изчил тарзда ўтказилиши керак, шунда икки нафар холис барча жараёнда иштирок эта олади. Сизнинг гапларингиздан эса жараён тартибсиз кечгани кўриниб турибди", — деди адвокат.

ИИБ ходими бу фикрга эътироз билдириб, ходимлар навбат билан хонадан хонага ўтганини, бўш қолган тезкорлар эса текширилган жойларга ҳеч ким кирмаслиги учун "постда турганини" айтди. Бироқ у ўзи "у ердан бу ерга юриб турганинис ва доим холислар ёнида бўла олмаганини тан олди.

Сўроқнинг энг шов-шувли қисми судланувчи билан гувоҳ ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот бўлди. Санжар Каримов ходимдан уйдан шахсий фойдаланиш учун бирор нарса олган-олмаганини сўради. Бироз иккиланишдан сўнг ИИББ ходими бир буюмни олиб чиққанини тан олди:

"Ҳа, унутибман, рост... Телефон учун ушлагичга ўхшаш нарса бор эди. Уни қўлимда ўйнатиб, олиб чиқиб кетганман. Кейин наркологияга бораётганимизда у бу ҳақда сўради ва мен узр сўрадим".

Телефон ушлагичини олиб чиққанини тан олганидан сўнг сўроқ бироз иронияли тус олди. Каримов шу "тушунмовчилик"ни эслаб, қимматбаҳо соатлари тақдири ҳақида кинояли тарзда сўраб, бошқа қимматбаҳо буюмлар ҳам йўқолган бўлиши мумкинлигига ишора қилди. Бу саволга гувоҳ жавоб бера олмади, фақат елка қисиб, бундай катта уйда ҳар бир майда деталнинг сақланишини кафолатлай олмаслигини айтди.

Аввалги гувоҳлар каби, навбатдаги ИИБ ходими ҳам квартираларнинг ҳуқуқий мақоми масаласига аниқлик кирита олмади. Ҳимоя томони унинг "қисман ўқиб" имзо чеккан баённомада нега амалда тўртта хона текширилган бўлса-да, фақат 13-хонадон кўрсатилгани ҳақида сўраганда, гувоҳ қарши савол билан жавоб берди:

"Қаердан биламиз, у ерда тўртта квартира борлигини?"

У судга на маҳалла раиси, на Каримовнинг қариндошлари жараёнда иштирок этмаганини билмаслигини маълум қилди, ўзи эса фақат шахсан қатнашган ҳаракатларига имзо қўйганини билдирди.

Сўроқ якунланганидан сўнг, ҳимоя томони видеоязувни батафсил ўрганиш ниятини билдирди. Улар икки нафар холис қандай қилиб бир вақтнинг ўзида беш нафар ходим ҳаракатларини ва сувенирлар ҳамда наркотик моддалар мусодараси жараёнини назорат қилганини текширмоқчи.

"Отасидан қолган мерос"

Санжар Каримов иши бўйича суд жараёни ҳал қилувчи босқичга ўтди: судланувчи илк бор "наркотик" эпизод бўйича ўз версиясини тақдим этди. Жиноят кодексининг 273-моддаси бўйича сўроқда Каримов қисман айбни тан олиш тактикасини танлаб, бироқ сотиш ниятини қатъиян рад этди.

Унинг айтишича, топилган моддалар АҚШ фуқароси бўлган марҳум отасига тегишли бўлган. Отаси Паркинсон касаллиги билан оғриган ва Америкада оғриқларни енгиллаштириш учун унга расман тиббий каннабис тайинланган. Судланувчига кўра, 2025 йил октябрда отаси вафот этганидан сўнг "дори захиралари офисдаги иш столи тортмасида қолиб кетган".

Каримов оғир руҳий ҳолат — отасининг ва шахсий ҳисобчисининг вафоти фонида ушбу моддани икки марта истеъмол қилганини тан олди, аммо савдо қилиш ҳақидаги айбловларни мутлақо асоссиз деб атади.

"Мен 100 долларлик сигаралар чекаман ва катта бизнес юритаман. Нега мен буни сотишим керак? Бу ақлга сиғмайди", — деди у.

Ўзининг ноқонуний айланмага алоқаси йўқлигини исботлаш учун у ҳибсга олинишидан олдин умра зиёратини амалга оширганини, шундан кейин зарарли одатлардан воз кечиб, беш вақт намоз ўқий бошлаганини ҳам таъкидлади.

Ҳимоя томони "наркотик" эпизоди бўйича далиллар базасини заифлаштиришга қаратилган қатор илтимосномалар киритди. Адвокатлар топилган моддаларнинг “соф оғирлиги”ни аниқлаш учун кимё-экспертни судга чақиришни қатъий талаб қилди. Уларнинг фикрича, наркотик модданинг ўзи ва махорка каби қўшимчалар алоҳида ҳисобланиши керак, чунки айнан шу ҳисоб-китоб айблов оғирлигини белгилайди.

"Махорка учун жавобгарликка тортишмайди, наркотик модда учун эса тортилади. Аниқлик киритиш учун эксперт керак", — дея таъкидлади ҳимоя томони.

Шу билан бирга, адвокатлар тинтув баённомаларини тузган ИИББ терговчисини, шунингдек, "уй вакили" сифатида қатнашган Боситхон исмли фуқарони судга чақиришни талаб қилди. Санжар Каримов ҳам бу талабларни қўллаб-қувватлаб, барча аниқланмаган ҳолатларга эксперт ва терговчи ойдинлик киритгандан кейингина тўлиқ кўрсатма беришини билдирди.

Ҳимоя томонининг далилларини эшитиб, суд адвокатларнинг кимё-экспертни кейинги мажлисга чақириш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди. Шу билан бирга, терговчи ва Боситхон гувоҳини чақириш рад этилди — раислик қилувчи бу босқичда уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун иш материалларидаги ҳужжатлар етарли эканини қайд этди.

1 сўмга уй

Шу билан бир вақтда кўчмас мулк эпизоди бўйича сенсацион бурилиш юз берди. Маълум бўлишича, уйнинг ҳозирги расмий эгаси объектни Олимбоевлар оиласига қайтаришга тайёр. Томонлар судга уйни рамзий 1 сўм эвазига олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштиришни таклиф қилди.

Судья дүйшанба кунигача ҳуқуқий механизмни батафсил ўрганиш учун танаффус эълон қилди. Унга тергов томонидан қўйилган ҳибсни вақтинча бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш, нотариус орқали битимни расмий рўйхатдан ўтказиш имконини яратиш вазифаси юклатилди.

Мажлис давомида Санжар Каримов ҳам Олимбоевлар оиласи билан молиявий муносабатлар бўйича ўз версиясини баён қилди. Бу занжирнинг марказида яна уларнинг куёви — Шаҳзод Расматовнинг роли турли баҳсларга сабаб бўлди.

Каримов версиясига кўра, уй бўйича олди-сотди жараёни аслида Расматовнинг қарзларини ҳал қилиш учун хизмат қилган, у эса катта маблағнинг ҳақиқий олувчиси бўлган. Судланувчи битим механизмини батафсил тушунтириб, нотариусдаги имзолардан сўнг қонуний эгаси пулларни куёвга топшириш ҳақида кўрсатма берганини айтди. Шундан сўнг Расматов Каримов уйига келиб, 250 минг доллар атрофидаги маблағни тилхат асосида қабул қилиб олган — бу пуллар унинг шахсий қарзлари ва автомобиллар масалаларини ёпиш учун ишлатилган.

"Якуний олувчи, бу пулларнинг бенефициари — Расматов. Уларга пул керак эди, куёв керак эди, менга эса уй керак эди", — деди судланувчи.

Унинг таъкидлашича, Олимбоевлар оиласи икки ҳафта давомида уй қайтарилишини кутган пайтда ахборот вакуумда бўлган, Каримов эса бу объектни кейинчалик қайта сотиш мумкин бўлган тўлиқ актив сифатида кўра бошлаган.

Аввалги мажлисда Шаҳзод Расматов бутунлай бошқача версияни билдирган эди. Унинг айтишича, Каримов унга Дубайда криптоайирбошлаш лойиҳасини таклиф қилган ва ойига 170 минг доллар фойда ваъда қилган. Расматовда 300 минг доллар йўқлиги сабабли, Каримов гаров сифатида "нимадир қимматли нарса"ни қайта расмийлаштиришни таклиф қилган.

Мажлис юқори эмоционал вазиятда якунланди. Жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева (Рисматовнинг онаси) қатъий эътироз билдириб, Каримовни фактларни бузиш ва судни чалғитишда айблади. Аниқлик киритиш мақсадида суд келгуси эшитувда унинг флешкасидан олинган аудиоёзувларни тинглаш ва уларни ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган материаллар билан солиштиришга қарор қилди.

Душанба куни соат 10:30 да жараён эксперт сўроғи ва аудиоёзувлар муҳокамаси билан давом этади, шундан сўнг суд прения босқичига ўтишни режалаштирмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...